30 Июн 2025 йил 117

Киберфирибгарликнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан жамиятда киберхавфсизликни таъминлаш, аҳолини интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарликлардан огоҳлантириш ва ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбир ўтказилди.

Тадбир доирасида бошқарма ходимлари томонидан аҳоли гавжум тўпланадиган жойлар, жумладан бозорлар, савдо мажмуалари ва жамоат жойларида турли тарғибот материаллари — буклет ва флаерлар тарқатилди. Уларда интернет орқали амалга ошириладиган фирибгарлик схемалари, ишончли маълумот манбалари ва киберхавфсизликка риоя қилиш бўйича тавсиялар акс этган.

Шунингдек, фуқароларга шахсий маълумотларни ошкор этмаслик, шубҳали ҳаволаларни очмаслик ва интернет орқали молиявий операциялар амалга оширишда эҳтиёткор бўлиш кераклиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Бундай тарғибот тадбирлари аҳоли ўртасида киберфирибгарлик хатарлари ҳақида хабардорликни оширишга, жиноятларнинг олдини олишга ва ахборот технологияларидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган.

Text to speech