“Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот тадбирлари юксак савияда, юқори даражада ўтказилди
Республика
Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни
қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги
Фармони билан “Фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш ҳамда
кибержиноятларга қарши курашишда фуқароларда “кибергигиена”ни шакллантириш”
ойлигини ўтказиш бўйича тарғибот тадбирлари амалга оширилиши белгилаб берилган.
Шу мақсадда жорий йилнинг июль ойида
Республика бўйлаб “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот
тадбирлари юксак савияда, юқори даражада ўтказилди.
Мазкур ойлик доирасида Самарқанд вилоятининг шаҳар-туманларида ҳам сектор
раҳбарлари ва бошқа масъуллар иштирокида “Маҳаллабай”, “Хонадонбай”,
“Фуқаробай” тарзда тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди.
1 июлдан 31 июлга қадар, бир ой давом этган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот тадбирлари давомида
ички ишлар органлари ходимлари томонидан аҳоли ва ёшлар ўртасида
кибермаданиятни юксалтиришга бағишланган турли кўринишдаги танловлар, дастурлар
ҳамда оммавий тадбирлар ташкил этилди.
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар маркази биносида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”
тарғибот тадбирларининг якуни бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар бугун интернет ривожлангани сайин унинг самарали жиҳатлари
билан бир қаторда айрим шахсларнинг ғаразли мақсадларда фойдаланиши ҳолатлари
ҳам кузатилаётганини таъкидлаб ўтишди. Яъни, интернет орқали жиноят содир
этилиши ва фуқароларга нафақат моддий, балки маънавий зарар етказилиш ҳолатлари
ҳам учраб келмоқда.
Тадбир давомида ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳолини огоҳликка
чорлаш мақсадида ўтказилган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасидаги
тарғибот-ташвиқот ва профилактик тадбирлар, интеллектуал ўйинлар ҳамда
танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тиббиёт муассасаси ходимлари ўртасида
“Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг”, блогер ва журналистлар ўртасида “Энг яхши миллий контент”, мактаб
ўқувчилари ўртасида “Ал Хоразмий
авлодлари”, маҳалла еттилиги ўртасида “Энг фаол маҳалла”, тўлов
иловалари ва банк карталаридан хавфсиз фойдаланилишни тарғиб қилувчи “Энг фаол банк жамоаси” танлови
ғолиблари аниқланди ва улар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Шунингдек,
тадбирларни ўтказишда фаол иштирок этган барча корхоналар ва мутасадди
ташкилотларга ҳам миннатдорчилик билдирилди.
Кибержиноятларнинг
олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидлар борасидаги иммунитетини
ошириш мақсадида ўтказилган мазкур йўналишдаги тарғибот-ташвиқот тадбирлари келгусида
ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз.