Кинология хизмати. Муваффақиятнинг йўли оддий
Кинолог тўрт оёқли жонивор билан нафақат дўстлашиши, балки бир жамоага айланиб, хизмат-жанговар вазифаларни мукаммал бажариши лозим. Кинолог-инструктор, сафдор Анвар Бекбўтаев ҳам “Яра” лақабли хизмат ити билан фаолиятини тўлиқ ва сифатли амалга оширишга ҳаракат қилади.
Анвар 2016-йилда Гўзалкент қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлагач, Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмасида хизмат қила бошлади.
Инструктор “Яра” билан бирга кинологлар ўртасида ўтказилган кўпкураш мусобақаларида тергов-қидирув йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллашган.
Шу кунларда эса А. Бекбўтаев севимли жонивори билан ноябрь ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги мусобақага тайёргарлик кўрмоқда.
“Яра” жуда ақлли ит, у шу ерда питомникда боқилган, — дейди суҳбатдошимиз. — Уни 3 ойлик пайтида олганман.
Кучукчаларни тайёрлаш ҳар доим ўйин шаклида бошланади. Машғулотнинг муҳим қисми рағбатлантиришдир — бу “баракалла” сўзи, мазали емак ёки севимли ўйинчоқни ўйнаш имконияти бўлиши мумкин.
“Яра” зотдор ит ва уни ўргатишга олти ой вақт кетди. Ҳозирда у билан шерикликда зиммамизга юклатилган барча вазифаларни сифатли адо этиб келяпмиз. “Яра” нафақат ўнлаб жиноятларни очишга ёрдам берди, балки турли танловларда совринли ўринларни эгаллаб, кўплаб фахрий ёрлиқ ва мукофотларга сазовор бўлди.
Бизнинг ишимизда муваффақиятнинг йўли оддий, яъни итни севиш ва унга яхши муносабатда бўлиш, фақат шундагина биргаликдаги хизмат қувонч келтиради.
Тўрт оёқли дўстларимиздан садоқат ва меҳр-муҳаббатни ўрганиш мумкин. Бу жониворлар ҳатто касал ёки жароҳатланган бўлса ҳам, сизга ҳеч қачон хиёнат қилмайди.
©️ “Постда” газетаси, Замира Болтаева, Самарқанд вилояти.