30 Май 2023 йил 868

КОРРУПЦИЯ- бу жамият душмани

Инсоннинг умри шамолдек ўтиб борар экан, инсоният ҳар хил дарду-ташвишлар ва савобли ва хайрли ишлар билан бўлиб тонг отиши-ю, қуёш ботиб умр ўтганини сезмай ҳам қолар экан. Биз Ички ишлар органлари ходимлари ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида тинимсиз виждонан хизмат қилиб келмоқдамиз.

Мен ҳар сафар эрталаб хизматга Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига келганимда, коррупция иллати, унинг давлатимиз ривожига кўрсатаётган салбий тамонлари, ушбу иллат сабаб инсонлар табақалашиб бораётгани хаёлимни чулғаб олиб, мени ўйлантириб қўяди. Шу сабабли менда ушбу мавзуда илмий иш қилиш, коррупция илдизига ўт қўйиш мақсади пайдо бўлди.

Коррупция… бир сўз билан айтганда ҳамма нарсанинг офати, ниятларни пайҳон қиладиган, орзуларни топтайдиган, адолат илдизига болта уриб, инсон қаддини букиб қўйишга қодир ички душман ҳисобланади.

Коррупция… инсон ақлини оздириб, нафсининг қулига айлантиришга қодир мўрт туйғу, ёлғонларда ялтираб кўринган сохта олтин, гуллаб турган ҳаёт рангини хиралаштирадиган, одамлар хавфсизлигига таҳдид солиб, уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа хунук ҳодисаларнинг илдиз отиб кетишига шароит яратиб берадиган сохта иллат.

Коррупция аралашган жойда истеъдод чекиниб, бачканалик ўзини намоён эта бошлайди. Мағлубиятга мукофот тегиб, ютуқ ва малака ғолиблик майдонини тарк этади. Амал курсисига ўрнашиб олган субутсизлик сабаб ривожланиш жараёни чириш босқичига кўчади.

Коррупция ва порахўрликнинг зарарли иллатлари Ислом шариатида ҳам қаттиқ қораланади.

Порахўрлик қанчалик ёмон иллат эканини ҳамма яхши билади. Ҳаммадан ҳам бу ишнинг ёмонлигини мусулмон халқлари яхши тушунадилар. Чунки, бу иш улар учун нафақат бу дунёга, балки, охиратга ҳам тегишли масаладир. Аммо афсус, ҳамон кўплаб жамоаларда фуқаролар порахўрлик исканжасидан қутула олмаяпти.

Порахўрлик сабаб, ҳақ ўрнини ноҳақлик, поклик ўрнини нопоклик, адолат ўрнини эса зулм-хиёнат эгаллаб олмоқда.

Назаримда бу офатлардан қутилишнинг ягона йўли ҳуқуқий саводхонлик. Яъни инсоният онгига порахўрликда пора берган ҳам олган ҳам бирдек қонун ва шариат олдида жавоб беришлиги тўғрисида тарғибот ва ташвиқот ишлари орқали сингдирилиши лозим бўлади.

Агар фарзандларимизга болалигидан тўғри тарбия берилиб, покни нопокдан, ҳалолни ҳаромдан фарқлашни ўргата олсак биз бу муаммога етарлича ечим топган бўламиз. Лекин биз бундай йўл тутиш ўрнига фарзандларимизнинг болалик чоғида яхши ўқиши ва одобли бўлишини унинг қўлига пул бериш йўли орқали қизиқтириб, керак бўлганда рағбатлантириб борамиз. Ваҳоланки айнан шунинг ўзи ҳам боланинг онгига коррупция элементларини сингдиришнинг дастлабки босқичи ҳисобланади.

Демак, коррупцияга қарши курашиш биринчи навбатда оиладаги муҳит ва таълим-тарбиядан бошланади.

Бу иллат орқали мамлакат иқтисодиётига ва жамият ривожига жиддий путур етади. БМТ таҳлилларига қараганда, айнан коррупция туфайли дунё иқтисодиёти ҳар йили 2,6 трлн доллар зарар кўради. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади. Шунингдек, жаҳон бўйича пора сифатида тақдим қилинаётган маблағ 1,0 трлн. АҚШ доллар миқдорида бўлиб, бу гуманитар ёрдамлардан қарийб 10 баробар ортиқдир.

Шу сабабли, сўнг йилларда давлатимиз бошқарув тизимида, хусусан ижтимоий бошқарув соҳасида инсон омили йўқотилиб, ҳар бир соҳа рақамлаштирилмоқда ва бунинг оқибатида ижобий натижаларга эришилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, мамлакатимизда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда энг аввало жамиятда яшаётган фуқароларнинг онгида коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабитини шакллантириш, бунинг учун кўпроқ тарғибот-ташвиқот ишларини ташкиллаштириш, ахолига ҳизмат кўрсатувчи ҳар бир соҳани рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, ушбу иллат билан боғлиқ жиноий ҳолатлар учун жазо чорасини оғирлаштириш масалага ечим топадиган энг асосий чора-тадбирлардан бири деб ҳисоблайман.

Хушвақтов Фаррух Ғафур ўғли.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Магистратура тингловчиси, майор.

Text to speech