Мақсад – Самарқанд шаҳрини “Хавфсиз ҳудуд"га айлантириш
Самарқанд шаҳрини “Хавфсиз ҳудуд"га айлантириш бугун энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу мақсадда мунтазам равишда “Хавфсиз тун" лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар амалга оширилади.
Мазкур ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортида тунги хизмат олди йўриқномаси ўтказилди. Унда ИИВ ўринбосари полковник Яҳёжон Абдулҳақов, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ва бир гуруҳ масъуллар иштирок этиб, ҳудудни жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли масканга айлантириш борасида ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.
Ҳудудларни криминоген аҳволи, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини кучайтириш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган тадбирда вилояти ИИБ, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилди.
Соҳавий хизматлардан таркиб топган тунги тадбир иштирокчилари хизмат аввалида саф тортиб, ҳудуд хавфсизлигининг таъминланишини ўз олдига мақсад қилиб қўйишди. Хизмат олди йўриқномалари берилгач, ходимлар гуруҳларга бўлинган ҳолда Самарқанд шаҳрининг барча ҳудудларида ўз хизмат вазифаларини бажариш учун белгиланган манзил томон йўл олишди.
Мазкур кенг қамровли профилактик тадбирларнинг мақсади жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.