31 Декабр 2022 йил 648

Меҳнат фаҳрийларига Муҳтарам Президентимизнинг табриклари етказилди

Букилмас ирода ва матонат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топишига бахш этиб, эзгу ишларда ташаббускор бўлган кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш орқали шукроналикни ҳис этасан киши. Бу эса ҳар бир инсонни элу юртга садоқат билан хизмат қилишга ундайди.

Зайнаб Ҳайдарова Нарпай тумани Манғит маҳалласида яшайди. Буган Занаб опани нафақат туман, вилоят балки республикада ҳам илғор фермер сифатида яхши танишади. Янги йил байрами олдидан вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов, Нарпай туман ҳокими, кенг жамоатчилик вакиллари 8 фарзанд, 30 нафар набиралар ардоғида бахтли умр кечираётган Зайнаб Ҳайдарова хонадонида бўлдилар. Вилоят 3-сектор раҳбари Раҳмат Маматов Президентимизнинг Зайнаб опага йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва байрам совғаларини топширди.

-Кексаликнинг гашти бўлакча экан. 70 дан ошган бўлсам-да ҳали бардамман. Байрамларда хонадонимиз нурга тўлиб кетади. Йўқловчилар, ҳол сўровчиларнинг кети узилмайди. Ҳар куни телевизорда юртимизда бўлаётган улкан ўзгаришларни кўриб қувонаман ва мен ҳам юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилишга, ҳамиша шайман,- деди Зайнаб опа.

Шунингдек, Пахтачи туманида яшовчи Норхол Қурбоновани ҳам байрам билан табриклашди. Онахон узоқ йиллар дала ишлади, ер билан тиллашиб, бозорларимиз растасини полиз экинлари билан таъминлашга ҳисса қишди. Бошқарма бошлиғи Президент табригини ўқиб бераркан, аянинг кўзлари севинчга тўлди. Шукроналик ила дуога қўл очди.

-Ватанга фидойилик, бурчга садоқат, юртни севиш. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида меҳнат қилган ҳар бир инсон мақсадига эришади. Шукр, фарзандларим олий маълумотли, ўзларидан кўпайиб набира, эвара ва чевараларим бор. Улар борки, мен ҳаётман. Орзу-умидлар уларнинг камолида давом этаяпти. Мени эъзозу ардоқ ила қадрлашади. Доимо дуода бўлиб уларнинг иқболини сўраб яшаяпман,-деди Норхол ая.

Кексаларнинг пурмаъно сўзларида ҳикмат бор. Зеро, уларнинг ибратли умр йўллари ёшлар учун юртга хизмат қилишнинг ёрқин ифодасидир.
Дилкаш дийдор лаҳзалари самимиятга ошуфта суҳбатлар ила унутилмас бўлди. Дуоларда тинчлик, фаровонлик абадий бўлиши ният қилинди.

Умида Мамадалиева

Text to speech