9 Март 2024 йил 1045

МУРОСА ҲАМ БИР ТИЛСИМ

Олим (исмлар ўзгартирилди) мавсумий ишчи, устачилик ҳам қўлидан келади. Тўрт нафар фарзанди бор. Аёли Баҳора эса уйда, чунки кичкина фарзанди олти ойлик чақалоқ. Оила бошлиғининг топгани кундалик харажатлар, рўзғорини тебратишига етар, улар тинчгина яшарди. Ўн икки йил хорижда яшаган қайнона, яъни Олимнинг онаси уйга қайтиши билан хонадондан майда-чуйда гаплар қўни-қўшни, маҳаллага чиқадиган бўлди. Келин ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ, ундан қайнонанинг ҳеч кўнгли тўлмайди. Оиладаги можаро охир-оқибат «Ўғлимни ажратаман, бошқасига уйлантираман»гача бориб етди. Қайнонанинг зуғуми ҳаддан ошиб, кўзига тўрт нафар набираси ҳам кўринмади.

 Оиладаги аҳил-иноқлик, тотувликни сақлаш, аввало, унда яшайдиган қайнона-қайнота, эр-хотин ва бошқаларнинг муросакорлигида,  дейди Самарқанд тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори, подполковник Лола Ҳамидова.  Бироқ орамизда муроса ҳам бир тилсимлигини англаб етмаган одамлар йўқ эмас. Ачинарлиси, ана шу муросасизлик оиладаги соғлом муҳитга путур еткизади. Ва бунинг жабрини биринчи галда норасида гўдаклар тортади. Юқорида таъкидланган ажрим ёқасига келиб қолган оилани сақлаб қолишга эришдик. Аммо бу жараён осон бўлди, дея олмайман. Чунки оиланинг барбод бўлишига қайнонанинг қайсарлигидан бўлак арзирли сабабнинг ўзи йўқ. Қаҳрамонимиз Лола Ҳамидованинг хизмати кўпинча оилалардаги турли нохуш ҳолатлар, хотин-қизлар билан боғлиқ муаммолар билан кечади. Мавжуд вазиятларга ечим топишида унга соҳада узоқ йиллар ишлаб, тажриба тўплагани ҳамда ҳамкор ташкилот ва идоралар масъуллари билан яхши тиллаша олиши қўл келади.  Ўзбек аёллари меҳнаткаш ва сабр-қаноатли, кўпинча уйидаги гап остона ҳатлаб кўчага чиқишини истамайди,  дейди Л. Ҳамидова.  Бу эса қайсидир маънода муаммоларнинг катталашишига ҳам хизмат қилади. Шу боис хонадонма-хонадон юриб ўрганаётганда, аввало, аёлларнинг кайфиятига, турмуш шароитларига, оиладаги муҳитга алоҳида эътибор қаратаман. Чунки аёлнинг тўкис, бахтиёр ҳаёти унинг юз-кўзидаги меҳр, шижоатда яққол аксланади. Бироқ турли оилавий муаммолардан эзилиб, чеҳрасига надомат соя солган аёлларни кўрганимда юрагимда оғриқ туради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Самарқанд туманидаги 74 та маҳаллада 272,8 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 138 минг нафари хотин-қизлар. Ўтган 2023-йил давомида тазйиқ ва зўравонликдан азият чеккан 116 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Шунингдек, уларни ҳимоя қилиш, оила-турмуш доирасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ тумани суди, жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судидан низолашаётган оилаларнинг манзилли рўйхати олиниб, маҳаллаларда ушбу оилалар билан профилактик ишлар олиб борилмоқда. Бунда асосан никоҳдан ажратиш, алимент, уйга киритиш, оталикка эътироз билдириш, ота-оналик ҳуқуқини чеклаш, оталикни белгилаш билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинмоқда. Ушбу ўрганишлар самараси ўлароқ, бир қатор оилалардаги низолар бартараф этилиб, бир қанчаси яраштирилди, айримлари ҳозирда назоратга олинган.  Туманимизда айни пайтда 242 нафар ҳунарманд аёл фаолият кўрсатади,  дейди подполковник Лола Ҳамидова.  Уларнинг ёрдамида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, «устоз-шогирд» анъанасини давом эттириш ҳам ҳамиша эътиборимиз марказида. Айниқса, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш ва бандлигини таъминлашда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторлари билан кенгашиб, ташкилот ва идоралар билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки оилавий низоларнинг бир жиҳати ишсизлик оқибатида оилада келиб чиқаётган етишмовчиликка бориб taqaladi.Koъп сонли оилалар, аёллар, оналар, айниқса, болаларнинг ҳаётига бахтиёрлик аталмиш ранг олиб кириш илинжида ҳамиша куйиб-пишиб, фидойилик билан меҳнат қилаётган подполковник Лола Ҳамидова ўз хонадонида меҳрибон, бағрикенг бувидир.– Инсон бир-бирига кўзгу,  дейди лавҳамиз қаҳрамони.  Мен хизматимда ҳам, оиламда ҳам ҳаётда кўзим тушган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилиб ҳурмат топдим. Тўғри, хизматимизнинг ўзига яраша қийинчилиги бор, аммо ишимни яхши кўраман. Уйга қайтиб, набирам Абдуллоҳнинг ширин кулгисидан, бағримга талпинишидан чарчоқларим тарқаб кетади. Фарзандларимнинг меҳр-оқибатидан дилим доим ёруғ. Мен ҳаммага шундай гўзал ҳаётни соғинаман.

Гулноза ТУРҒУНБОЙЕВА,

ўз мухбиримиз. Самарқанд вилояти.

Text to speech