30 Август 2025 йил 370

Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди

Тадбирни Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Тохир Арипов очиб, йиғилганларни Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги билан қутлади ва ходимларга машаққатли, шу билан бирга шарафли касбларида улкан муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали байрам тадбирида бир қатор ходимлар юксак давлат мукофотлари ва Ички ишлар вазирлигининг кўкрак нишонлари билан тақдирландилар. 

Мукофотларни топшириш маросимида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси  инспектори Асамиддин Зиятов “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирлангани алоҳида эътироф этилди.

Байрам муносабати билан Ички ишлар вазирлиги томонидан муносиб кўрилган 28 нафар ходимлар мукофотланди. Уларга 1-2-3-даражали “Бенуқсон хизматлари учун”, “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, “Фахрий ёрлиқ”, “Эсдалик қўл соати” ҳамда китоблар жамланмаси тантанали топширилди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлигининг буйруғига асосан, бир нафар ходимга “полковник” махсус унвони, яна бир нафар ходимга рағбатлантириш тариқасида муддатидан олдин “капитан” махсус унвони берилди.

Шунингдек, вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда жамоатчилик вакилларига эсдалик совғалари топширилиб, уларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди.

Мукофотларни топшириш жараёнида Бошқарма бошлиғи ходимларнинг хизматдаги самарали фаолияти ва эришилаётган натижалар шахсий таркибга ўрнак бўлиши, ҳар бир ходим шундай мукофотларга лойиқ бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Text to speech