Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтадиган жойларда яратилган шарт-шароитлар ва хавфсизлик масалалари ўрганилди
Жорий йилнинг 14 июль кунидан юртимизда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади. Тест синовларини адолатли ва хавфсиз ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, синовлар бўлиб ўтадиган биноларнинг техник ҳолати, хавфсизлик тизими ва умумий тайёргарлиги мутасадди ташкилотлар томонидан доимий назоратга олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматов жорий йилги қабул жараёнлари олдидан шаҳардаги тест синовлари бўлиб ўтадиган биноларда бўлди. Бу ердаги кириш-чиқиш жойлари, кузатув камералари, ёнғин хавфсизлиги тизимлари, эвакуация йўналишлари ва тиббий хизматнинг тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, Пастдарғом туманида жойдашган Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилоят бўлими биносидаги шароитлар ҳам ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Синов куни жамоат тартибини таъминлаш, ёрдам кўрсатиш ва тезкор чоралар кўриш учун масъул хизматларнинг навбатчилиги ташкил этилмоқда.
Тест синовлари пайтида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, абитуриентлар учун муносиб шароит яратиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис, тайёргарлик ишлари қатъий назорат ва ҳамкорликда олиб борилмоқда.