“Олтиқаҳрамон” ўзгаришлар остонасида
Кузнинг иссиқ-илиқ кунлари ғанимат. Ундан унумли фойдаланиш, ҳудудларни обод ва кўркам масканга айлантириш борасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Паст Дарғом тумани “Олтиқаҳрамон” маҳалласида Президентимизнинг “обод хонадон”, “обод кўча”, “обод маҳалла” мезонлари асосида амалий ишлар жадал суратларда олиб борилмоқда.
Вилоят ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Раҳмат Маматов мазкур маҳаллада бўлиб, жараёнларни кўздан кечирди.
Танишиш асносида, маҳалла ободлиги, одамларнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш борасида қилиниши лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди.
Олтиқаҳрамонликлар бугунидан мамнун.
Чунки, маҳаллада йўллар яхшиланмоқда, қабристонлар обод бўлиб, қаровсиз ерлар гулу-гулзорга айлантирилаяпти.
Коммунал соҳадаги муаммолар бартараф қилинди. Ҳовли-жойлар тартибга келтирилиб, томорқаларга тўқсонбости экинлар экилмоқда. Яшил майдонларни кўпайтириш мақсадида ҳудудга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бу эзгу саъй-ҳаракатлар маҳалла аҳли кўнглини тоғдек кўтариб, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.