Профессионал ички ишлар органлари фаолиятининг муҳим ҳуқуқий асоси
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш жараёнлари кундан-кун мураккаблашиб, янада долзарб вазифага айланмоқда. Ушбу вазифаларни самарали бажариш жараёнлари ички ишлар органларининг кадрлари билан ишлаш фаолиятига бевосита боғлиқдир.
Тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчидан, ички ишлар органлари зиммасига юклатилган асосий ва замон талаблари асосида қўйилаётган янги вазифаларни самарали бажарилишини таъминлай оладиган, иккинчидан, халқаро ҳуқуқ номалари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахсларига, шунингдек миллий қонун талаблари асосида давлат хизматчиси, хусусан, ички ишлар органлари ходимларидан юксак маънавий, аҳлоқий, касбий фазилатларга эга бўлган профессионал мутахассис кадрлар бўлишни талаб қилади.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2023 йил 20 январь куни қабул қилинган “Ички ишлар органлариини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-10-сонли Қарори ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Ушбу Қарорда Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланган. Ҳар бир ходим мазкур кодексда белгиланган қоида ва талабларни билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурий этиб белгиланган. Кодекс қоида ва талабларига амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун аcoc бўлади.
Таъкидланишича, кодексда белгиланган қоида ва талаблар ички ишлар органларида содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот тизими обрўйига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмасликка йўналтирилган. Ходимлар ишга қабул қилинган кундан, эгаллаб турган лавозими ҳамда бажарадиган ишининг хусусиятидан қатъи назар ушбу кодексга бирдай риоя этишга мажбурдир.
Бундан ташқари, ушбу Президент қарори билан ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти тўғрисидаги низом, ички ишлар органларида кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг Йўл харитаси тасдиқланган.
Давлат раҳбари томонидан “Ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилиниши ортидан Президентнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши белгиланган.
Шунингдек, Қарорда “2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси”га мувофиқ, ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатидаги касбий халқ тузилмасига айлантириш ва қонун устуворлиги, тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Шу билан бир қаторда, ҳужжат билан “Ички ишлар органлари ходимларининг касб маданияти ва хизмат интизоми тўғрисида”ги кодекси тасдиқланди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлигининг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, Ички ишлар вазирлигида Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси ташкил этилиб, у ички ишлар бошқармасига хизматга номзодларни танлаш, тизимининг шаффофлигини таъминлаш, шахсий таркиб билан ишлаш, маънавий-маърифий ишлар тизимини рақамлаштириш билан шуғулланади.
Умуман олганда, айтиш мумкинки, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжахон тенденцияларига жавоб берадиган ички ишлар соҳасидаги давлат бошқаруви тизими яратилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ички ишлар органларининг маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун ташкил этилган қуйи бўғинини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди.
Ўзбекистонда олий қадрият деб тан олинган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари таъминланишини янада мустаҳкам кафолатлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш борасида фуқаролик жамияти институтларининг ҳам ўрни беқиёс.
Мустақиллик, Конституция, фуқаролик жамияти ва демократия тушунчалари ўртасидаги узвий алоқадорлик муҳим аҳамиятга эга. Зеро, мустақил мамлакатни демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти институтларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис юртимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ демократик янгиланиш, эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўли танлаб олинди. Бинобарин, бу йўлни ҳар ким ўзига хос йўсинда босиб ўтади. Ўзбекистон демократиянинг фундаментал тамойилларига асосланган, уларга қатъий риоя этган ҳолда, айни пайтда ўз ҳаракатларини халқимизнинг тафаккури, неча минг йиллик турмуш тарзи билан мувофиқ равишда олиб бормоқда.
Жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқий-тартибот фуқароларнинг қонуний хатти-ҳаракати билан барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг қонунларга риоя қилишлари улардан тўғри фойдаланишлари билан ўрнатилади. Жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш эса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикада яхлит ҳуқуқий тизим яратилган бўлиб, унда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллайди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ички ишлар органлари қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш вазифасини амалга оширадилар. Ўз ваколатларидаги ишлар бўйича суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширадилар, тинчлик ва инсоният хавфсизлигини таъминлайди. Ички ишлар органлари вазифаларини амалга оширишнинг муҳимлиги ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш шароитида янада ошади.
Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони командирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Шодиёр Джуманов