Самарқанд шаҳрида тунги вақтда машиналар ичидаги буюмларни ўғирлаб кетадиган йигит профилактика инспектори томонидан ушланди
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБга Хўжа Ахрор Вали маҳалласида яшовчи, фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, 2022 йил 02 январь куни соат тунги 00:10ларда Самарқанд шаҳри Заргартепа маҳалласида турган “Дамас” русумли автомашинасидан, баҳоси 800.000 сўм бўлган видеотасвирга олиш ускунасиномаълум шахс томонидан талон-торож қилинганлигини маълум қилган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри Заргартепа маҳалласида яшовчи, Б. ҳам ариза билан мурожаат қилиб, шу куни соат тунги 02:00ларда уйи олдида турган “Нексия-2” русумли автомашинасидан баҳоси 300.000 сўмлик видеотасвирга олиш ускунаси ва 50.000 сўм миқдоридаги пуллари яширин равишда талон-торож қилинганлигини маълум қилган.
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 2-сон ИИБ профилактика инспектори У.Шарафов томонидан олиб борилган қидирув ишлари давомида, ушбу жиноятни Самарқанд шаҳри Сўзангарон кўчасида яшовчи, 2000 й.т. У.О. содир этганлигини аниқланиб, гумонланувчидан 1 дона қора рангли видеорегистратор, 1 дона металл рангли видеорегистратор, 1 дона “NEOLINE” русумли “антирадар”, бир дона “PORSCHE” ёзувли кўзойнак, 3 дона қора рангли шнурлар, 1 дона темир линейка, 1 дона USB, 1 дона 32 ГБ хотирага эга телефон флешкаси, 1 дона атир ва 1.558.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати