Раҳмат Маматов “Гўзалкент” маҳалласида бўлди
Вилоят ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматов “Гўзалкент” маҳалласида бўлди.
“Обод маҳалла- обод хонадон- обод кўча”мезонлари асосида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида қишлоқ ва маҳаллаларда бунёдкорлик, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти.
Айни кунларда Пастдарғом туманининг “Гўзалкент” маҳалласи аҳолиси ҳам ана шундай ободликдан баҳраманд бўлмоқда.
Вилоят ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматов мазкур маҳаллада бўлиб, олиб борилаётган ободончилик ва бунёдкорлик жараёнлари билан танишди. Янги қад ростлаган маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳамда яратилган қулай шароитларни кўздан кечирар экан, ҳудудни кўкаламзорлаштириш, гул ва дарахт кўчатлари экиш, фуқаролар учун кутиш ўриндиқлари ўрнатиш борасида мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Зеро, маҳаллада ишларни тизимли ва тўғри ташкил этиш фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал қилиш, улар билан ҳамкорликда ишлаш учун катта имконият яратишини таъкидлади.
Халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғвор мақсад йўлида амалга оширилаётган ободончилик ишлари маҳалла ва қишлоқларнинг қиёфасини янада кўркамлаштириш билан бирга аҳолининг эртасига бўлган ишончини оширади.