Расмий маълумот
Самарқандда болалар ўғирлаб кетилганлиги тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди
Самарқанд шаҳрида яшовчи 1991 й.т. фуқаро М.Ш. ва 1996 й.т. И.Х. лар 2014 йилда турмуш қуриб, 2023-йилнинг май ойига қадар бирга яшашган ва бирга яшаган даври мобайнида 3 нафар фарзандли бўлган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апеллатсия инстанциясининг 2024 йил 8 октябрь кунидаги ажримига кўра, даъвогар (болаларнинг онаси) И.Х. нинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгар (болаларнинг отаси) М.Ш. қарамоғида бўлган 2015 й.т. фарзанди ҳам онасининг тарбиясига олиб берилиши белгиланган. Бироқ, болаларнинг отаси суд қарорини бажармасдан, фарзандаларини онасига бермасдан келган.
2025 йилнинг 8 июнь куни болаларнинг онасининг илтимосига кўра унинг акаси 2015 йилда ва 2016 йилда туғилган жиянларини Самарқанд шаҳар Хўжақишлоқ маҳалласи ҳудудида “Нехиа-2” русумли автомашинага ўтқазиб, синглиси (болаларнинг онаси) га олиб бориб топширган.
Шундан сўнг, болаларнинг отаси ариза билан мурожаат қилиб, фарзандларини олиб кетган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда ижтимоий тармоқ фаолларидан текширилмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати