Республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда
Ҳаммамизга маълумки сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун» ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини таъминлаш ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳиятига айланмоқда.
Жорий йилнинг 29 майидан бошлаб Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Давлат Солиқ қўмитаси, Миллий гвардия ва уларнинг тузилмалари раҳбарлари, бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамда вилоят сектор раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида ўз фаолиятини бошлади.
Ишчи гуруҳи томонидан вилоят 3-секторига қарашли Нуробод туманининг Нуробод шаҳарчасида 30 км. масофага асфальт ётқизиш жараёнлари ташкил этилди.
Шундан сўнг, туман марказидаги хусусий корхонага ташриф буюриб, унда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турган ва кам таъминланган фуқароларнинг иш билан таъминланиши, бу ердаги ишчиларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Кейинги манзил маҳаллаларда хизмат олиб борувчи профилактика инспекторларининг иш фаолияти бўлди.
Туманнинг “Шарқ юлдузи” маҳалласида хизмат олиб борувчи профилактика инспектори катта лейтенант Мадиёр Дониёровнинг хизмат фаолияти ишчи гуруҳ эътиборини тортди.
Туман ИИБ оталиғида бўлган 61-сонли умумтаълим мактабида олиб борилган ободонлаштириш ишлари, мактабда ўқувчиларнинг таълим олиши ва спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан ҳам танишиб, мазкур таълим муассасасида хизмат олиб бурувчи инспектор-психологнинг хизмат фаолиятини ҳам ўрганилди.
Ўрганишлар якунида туман ИИБнинг маъмурий биноси кўздан кечирилди ва бу масканда хизмат олиб борувчи ходимлар билан суҳбатлар олиб борилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ишчи гуруҳи вилоятдаги ўрганишлари доирасида бир қатор тезкор-профилактик тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.
Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини Самарқанд вилояти бўйлаб давом эттирмоқда.