Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида кўргазмали семинар машғулоти ўтказилди
Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида кўргазмали семинар машғулоти ўтказилди.
Мазкур семинар Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ раҳбар-ходимлари томонидан кун
давомида амалга ошириладиган ишларига бағишланди.
Мазкур йўналишдаги илк бор, эксперимент тариқасида ўтказилаётган
семинарда дастлаб бошқарма ташкилий бўлими бошлиғи сўз олиб, ушбу тадбирнинг мазмун-моҳияти
ҳақида тўхталиб ўтди.
Бугун Самарқанд шаҳри ИИО ФМБ тасарруфида 9 та ИИБўлимлари мавжуд бўлиб, шахсий таркиб ва куч-воситалар тун-у
кун хизмат олиб боришади.
Ташкилий бўлимга тегишли хизматлар томонидан сутка давомида олинган
тезкор маълумотлар, “Тунги хизмат”га
жалб қилинган шахсий таркиб томонидан амалга оширилган ишлар, қайд этилган
жиноят ва ҳодисалар раҳбарга мунтазам равишда етказилади. Бунда замонавий
технологиялардан фойдаланиш ҳам муҳим ўрин тутиши айтиб ўтилди.
Шундан сўнг бошқарма ҲПБўлими бошлиғи сўз олиб, ҳудудлардаги криминоген
вазият ҳақида ахборот берди. Қизил ҳудудларни сариқ ёки яшил тоифага ўтказилишида
амалиётда қўлланилган тажрибалари билан ўртоқлашди. Жиноят ва
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла еттилиги билан олиб борилган
профилактик жараёнлар мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди. “Профилактика куни” режасида ҳафта
давомида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ИИБўлимлари кесимида таҳлил
қилинади.
Семинарда ЙПХнинг фаолияти ҳам ўрганилди. ЙТҲнинг олдини олиш ва
камайтириш учун қилинган ишлар, уларнинг самарадорлиги хусусида бўлим
бошлиғининг ахбороти тингланди. Йўлларда хавфсизликни таъминлаш,
тирбандликларни камайтириш, ҳаракат хавфсизлигига эътибор қаратиш бош мақсад
эканлиги таъкидланди. Шаҳардаги кузатув камералари ва тезликни чекловчи
радарларнинг аҳамияти ва фойдали жиҳатлари барча иштирокчиларга тушунтирилди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи ҳам сўз олиб,
ўзининг кунлик иш фаолияти билан ўртоқлашди. Раҳбар хизмат жараёни борасида ҳар
бир жиҳатга эътибор қаратар экан, “Жисмоний ва юридик шахслар” томонидан йўлланган мурожаатлар ҳеч вақт эътибордан
четда қолмаслигини таъкидлаб ўтди. Ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли соҳавий
хизматларга ижобий ҳал этилиши бўйича кўрсатмалар берилади. Бу бўйича кунлик
бажарилган ишлар Самарқанд шаҳар Сўғдиёна масканида жойлашган 3-сектор штабида муҳокама этилиши ҳам
айтиб ўтилди.
Шунингдек, “Тунги хизмат”га жалб қилинган раҳбар ва ходимларнинг хизмат олиб
бориш жараёнларини назорат қилиш, хизматнинг сифат даражасини ошириш мақсадида
ҳамда сутка давомида содир бўлган жиноятларни иссиқ изидан фош этилишини таъминлашга
ҳам асосий эътибор қаратилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Кўргазмали семинар иштирокчилари Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБда ходимларнинг хизмат олиб бориши учун
яратилган шароитлар билан ҳам танишишди.
Самарқанд шаҳрининг Қорасув масканида
жойлашган 9-сон ИИБўлими кўп минг сонли аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда
фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва осойишталикни сақлашга алоҳида эътибор
қаратилиб, бўлим биноси замонавий асбоб ускуналар билан жиҳозланган. Марказга
интеграция қилинган кузатув камералари орқали кўплаб жиноят ва
ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади.
Самарқанд шаҳри миқёсида “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд”, қолаверса йўл транспорти билан боғлиқ ҳодисаларни
олдини олиш мақсадида соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда, “Диққат пиёда”, “Хавфсиз йўл” тадбирлари
мунтазам равишда олиб борилиши ҳам семинар давомида таъкидлаб ўтилди.
Мазкур семинардан кўзланган мақсад, бугун давлат идоралари билан халқ
ўртасидаги муносабатларнинг яқин ва уйғунлиги, ҳар бир ҳолатга адолатли ва
шаффоф ёндашиш, энг асосийси халқ билан бирга, ёнма-ён бўлиб хизмат олиб бориш
каби эзгу мақсадлар мужассам.