14 Май 2024 йил 1169

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сонли ИИБ ходимлари томонидан гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланувчи бир неча шахслар қўлга олинди

Яқинда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сонли ИИБ ходимлари томонидан гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланувчи бир неча шахслар қўлга олинди.

Дастлаб ёши тахминан 30-35 ларда бўлган шахс Самарқанд шаҳар Беруний кўчасида “назорат тартибида сотиб олиш” тезкор тадбири давомида тадбирга жалб қилинган шахсга яшил рангли, ўткир ҳидли, қуритилган “марихуанна” гиёҳвандлик моддасини 500 000 сўмга сотаётган вақтида ушланди. 

Мазкур шахс гиёҳвандлик моддасини 34 ёшли фуқародан олганлигини билдирган. 

“Калавани учини топган” ходимлар тадбирни яна давом эттириб, ўша куни Самарқанд шаҳар Спитаменшох кўчасида 34 ёшли шахс қўлга олинган фуқарога 300.000 сўм эвазига “марихуанна” гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтда қўлга олишди.

Ушбу ҳолатга алоқадор шахслар ва уларнинг манбасини аниқлаш мақсадида тезкор тадбир яна давом эттирилди. 34 ёшли фуқаро эса ушбу гиёҳвандлик моддасини Самарқанд туманида яшовчи 45 ёшлардаги шахсдан харид қилганлигини билдирган. 

Самарқанд туманининг Қуйи Қайнама маҳалласида ўтказилган тезкор тадбир давомида 45 ёшлардаги шахс тахминий вазни 9 граммга яқин бўлган “марихуанна” гиёҳвандлик моддасини сотган вақтида далилий ашёлар билан ушланди. 

Савдо занжири жуда узун кўринади. Мазкур 45 ёшлардаги фуқаро гиёҳвандлик моддасини Самарқанд тумани Чақа маҳалласида яшовчи ёши тахминан 55 ларда бўлган шахсдан олиб, сотиб юрганлигини тан олди. Тадбир яна давом эттирилиб, мазкур шахс ҳам эски танишига 2 000 000 сўм эвазига гиёҳвандлик моддаси сотаётган вақтда тезкор қидирув ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ушбу шахсга тегишли боғда 3.5 кг га яқин бўлган яшил рангли, ўткир ҳидли, қуритилган ҳолда бўлган “марихуанна” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан тергов ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech