17 Феврал 2023 йил 669

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматовнинг Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 81-сессиясидаги нутқи

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар – кун сайин тизимни халқ манфаатларига хизмат қиладиган, аҳолининг муаммолари билан ҳамнафас яшайдиган халқпарвар тузилмага айлантириб бормоқда.

Вилоятимизни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, жиноятчиликка тўлиқ барҳам бериш учун аввало профилактик ишларимизни маҳалладан бошладик.

Ҳудудларда маҳаллабай профилактик ишларни тўғри ва самарали ташкил қилиш мақсадида янгича тизим, яъни маҳалла фуқаролар йиғинларида иш самарадорлигини ошириш, аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ҳамда “хавфсиз маҳалла” ҳудудига айлантириш учун ягона ҳамкорлик тизимини ташкил этиш бўйича Самарқанд тажрибаси” яратилди.

Мазкур янги тизим барча маҳаллаларда тўлиқ ташкил этилиб, маҳаллалардаги 5 та вакилларнинг иш фаолияти самарали ташкил қилинганлиги наижасида 2022 йилнинг 12 ойи давомида вилоят ҳудудидаги 1126 та маҳаллаларнинг 31,2 фоизида (351 тасида) жиноятлар содир этилмади.

Ўтган 2022 йилда барча соҳалар бўйича қайд қилинган жиноятлар сони 100 минг аҳолига нисбатан вилоят бўйича 191,7 тани (Республикада 298,3 тадан) ташкил этиб, Республикада ижобийлиги жиҳатидан 5 ўринда қайд этилди.

2022 йил давомида жами 7727 та (7505) жиноятлар қайд этилган бўлиб, 2865 таси ёки 37,1 фоизи ташаббус билан аниқланди, 7083 таси (91,7%) фош этилди, олдинги йиллардан фош этилмасдан турган 285 та жиноятлар очилди.

Вилоят ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов идораларидан яширинган қидирувдаги шахсларнинг 349 нафари (2021й. 321) ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида 685 та (687) жиноий ҳолатлар аниқланиб, 148 кг. дан ортиқ гиёҳванд моддалари далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинди.

2022 йилнинг 12 ойи давомида 6176 та жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилган бўлиб, 99 млрд. 311 млн. сўм етказилган зарарлар ундириб берилди.

Вилоятимизда 2022 йилнинг 15-16 сентябрь кунлари мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим тарихий воқеа – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити ҳамда 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг саммити  ўтказилди.

Шунингдек, 2022 йил давомида жами 21333 та, шундан 1463 та сиёсий-оммавий, 928 та оммавий-спорт, 1587 та маданий-оммавий тадбирлар ва 17355 та бошқа турдаги тадбирлар ўтказилиб, ушбу тадбирлар мобайнида жамоат тартиби ҳамда жамоат хавфсизлиги тўлиқ таъминланди, фавқулотда ва нохуш ҳолатлар содир этилмади.

Вилоят ҳудудида муқаддам судланганлар, хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни барвақт олдини олиш, оила-турмуш доирасидаги оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни тизимли профилактикасини ташкил этиш мақсадида, “Назорат”, “Хотин-қизлар жиноятчилигига қарши курашиш ойлиги”, “Ҳамкор” “Ҳавфсиз ҳудуд” махсус профилактик тадбирлари ўтказилди.

Давлатимиз Раҳбари томонидан қўйилаётган топшириқларга асосан, барчамиз ҳамжиҳатликда ишларимизни маҳалладан бошлаб, маҳалла жиноятчилигини жиловлаш ва аҳоли ўртасида ечимини топмасдан келаётган муаммоларни манзилли аниқлаб, бартараф этишимиз лозим бўлади.

Вилоят бўйича салмоғи юқори бўлган 669 та ўғирлик, 1282 та фирибгарлик ва 1154 та йўл-транспорт ҳодисалари (шундан 278 таси ўлим билан боғлиқ ЙТҲ, 330 нафар фуқаролар вафот этган) содир этилшига йўл қўйилди.

Жами қайд қилинган 669 та ўғирлик жиноятларининг 79,8 фоизи (534 таси) тунги вақтларда содир этилган.

Ушбу ҳолатлар фуқароларимизнинг шахсий мулкига ва ўзгалар мулкига нисбатан бепарволиги, савдо дўконлари қўриқлаш пултига уланмаганлиги, жойларда тунги ёритиш чироқлари ҳамда кузатув камералари ўрнатиш бўйича табиркорлар, ишбилармонлар, жойлардаги жамоатчилик назоратининг сустлиги яққол кўриниб турибди. 

Фирибгарлик жиноятлари сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамасдан фуқароларимиз осон йўл билан бойиб кетиш, ўқишга, ишга кириш ёҳуд автомашина, уй-жой ва ер сотиб олишда етарлича ҳуқуқий билим савиясига эга эмаслиги, ҳуқуқий тарғибот ишлари юкланган идора ва ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари томонидан ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам лозим даражада ташкил этилмаётганлигидан далолат бермоқда.

Вилоятда вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар томонидан жиноят содир этиш ёки жиноят қурбони бўлишининг олдини олиш борасида таълим муассасалари, Оила ва Хотин-қизлар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа тегишли идора ҳамда ташкилотлар ҳамкорлигида чора-тадбирларни белгилаб ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, ҳар бир оилаларга кириб боришимиз, муаммоларини ўрганишимиз, низо ва келишмовчиликларни ўз вақтида бартараф қилишимиз лозим бўлади.

Вилоят бўйича жами содир этилган 1154 та йўл-транспорт ҳодисалари барчамиз учун ташвишли ҳолат бўлиб, келиб чиқиш сабаблари, унга имкон бераётган шарт-шароитларга эътиборни қаратсак, 406 таси (35,1%) тезликни ошириш, 157 таси (13,6%) қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, 136 таси (11,8%) оралиқ масофани сақламаслик, 53 таси (4,6%) мастлик оқибатида, 66 таси (5,7%) пиёдаларга йўл бермаслик ва 336 таси (29,1 %) бошқа сабабларга кўра келиб чиққан.

Эндиликда, автомобиль йўлларида йўл ҳаракати иштирокчиликларининг ҳаракатланиш интизомини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар томонидан авария учоқларида видео ва фото-радарлар, автомактабларда ўқишни назорат қилувчи янги тизим жорий этиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишда барча тегишли ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб боришимиз лозим.

Ҳурматли Кенгаш раиси ва  депутатлар.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 20 январь кунидаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-10-сонли Қарори билан, “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми” Кодекси тасдиқланди.

Бугунги ислоҳотларнинг бош мақсади бўлган – “Инсон қадри учун” тамойили асосида ходимларимизни юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар вакили этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ушбу қарор ички ишлар органларини аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлайдиган халқчил профессионал тузилмага айланишига, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлишини таъминлашга, аҳолининг чинакам розилигига эришишга хизмат қилади.

Сўзим охирида, айтмоқчиманки, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси сафида хизмат олиб бораётган ҳар бир ходим мазкур Қарорда кўрсатиб ўтилган қоида ва талабларга амал қилган ҳолда, аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлаши ва фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлишни таъминлаш йўлида барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Раҳмат Маматов, Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи

Text to speech