Самарқанд вилоят ИИБ ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида мен кучли аёлман лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилди
Унда ижтимоий дафтарларга рўйхатга олинган, жисмоний ва руҳий тазйиқ, зўравонликка учраган аёллар иштирок этди. Тадбирда мотивацион учрашувлар, ҳуқуқий маслаҳатлар ва психологик тренинглар ташкил этилиб, бу тушкунликка тушиб қолган аёлларнинг ўзига ишончини оширишга, мақсадлари сари ҳаракат қилишга даъват этди.
Лойиҳадан мақсад аёлларга маънавий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатишдан иборат. Тушкунликка тушиб, ҳаётдан умиди узилган аёллар бу йўлдан қандай чиққани, бугун жамиятда ҳам, оиласида ҳам ўз ўрнини топиб фаровон яшаётгани тўғрисида гапириб беришгани эътирофга сазовор бўлди.
Бу каби ташаббуслар зўравонликка учраган аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ва уларни ҳаётда янада қатъийроқ бўлишга илҳомлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мен кучли аёлман лойиҳаси Самарқандда аёллар хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаш, жамиятда зўравонликка қарши муросасиз муносабатни шакллантиришда ишонч манбаи бўлди.