Самарқанд вилояти бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирларини жадаллаштириш бўйича тунги хизмат йўриқномаси ўтказилди
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Самарқандда ҳам “Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирларининг 2-босқичи ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 03 январдаги 1-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда Республика ҳудудида хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида ИИВнинг 255-сонли ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғининг 71-сонли фармойишлари қабул қилинди. Юқоридагиларни инобатга олиб, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг 2-босқичи жорий йилнинг 15 июлидан 15 август кунига қадар ўтказилади.
Самарқандда мазкур кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ИИБ ва вилоятдаги бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида тунги хизмат олди йўриқномаси ўтказилди.
Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Рахмат Маматов томонидан тунги хизматга жалб этилган ходимларга хизматда фойдаланиладиган керакли тавсиялар берилди.
Шундан сўнг барча иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда тунги хизматни ўташ учун белгиланган манзиллар томон жўнаб кетишди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг 2-босқичи юртимиз бўйлаб давом этмоқда.