10 Август 2025 йил 1134

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида фуқаролар қабули ўтказилди

Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг муаммолари ва мурожаатларини эшитиш, уларни жойида ҳал этиш орқали давлат органларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд вилояти Ички ишлар органлари томонидан очиқ қабуллар давом этмоқда.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Тохир Арипов томонидан ўтказилган қабул давомида вилоятнинг туман ва шаҳарларидан келган фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилишди. 

Фуқаролар томонидан кўтарилган асосий масалалар қаторида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ишсизлик муаммолари ва бошқа муҳим ижтимоий масалалар алоҳида ўрин тутди.

Шунингдек, қабул давомида фуқаролар оилавий низолар, фирибгарлик ҳолатлари, мулкий низолар, фуқаролик-ҳуқуқий масалалар ҳамда маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш борасида ўз фикр ва таклифларини билдирди. 

Ҳар бир мурожаат атрофлича эшитилиб, ечимини топиш мақсадида тегишли соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларига топшириқлар берилди.

Мазкур очиқ қабуллар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг эҳтиёж ва муаммоларига бефарқ бўлмаслик тамойили асосида давом эттирилади.

Text to speech