16 Июл 2025 йил 491

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида ярим йиллик ишлар натижаси муҳокама қилинди

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Рамазон Ашропов иштирокида жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокамасига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  жорий йил 3 январдаги "2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида"ги  ПҚ-1-сонли Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Жиноятчиликнинг айрим турлари ошган ҳудудлар мутасадди раҳбарларига бу борада амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар хусусида кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

Шунингдек, коррупция ва таъмагирликка йўл қўймаслик, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш, ходимлар олдида турган бурч ва мажбуриятларга тўхталар экан, уларнинг ўз хизмат вазифасига виждонан ёндашишига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз хизмати давомида хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги учун айрим раҳбарларга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, қаттиқ интизомий жазоланиши белгиланди. Бундан барча раҳбар ва ходимлар ўзларига тегишли хулоса чиқариши лозимлиги таъкидланди. 

Ҳисобот йиғилиши сўнгида, келгусида вилоят ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий тадбирлар ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech