Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди
Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг муаммолари ва мурожаатларини эшитиш, уларни жойида ҳал этиш орқали давлат органларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд вилояти Ички ишлар органлари томонидан очиқ қабуллар давом этмоқда.
Навбатдаги ана шундай тадбир Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов раҳбарлигида ташкил этилди. Қабул давомида вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан келган 40 дан ортиқ фуқаро ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилишди.
Фуқаролар томонидан кўтарилган асосий масалалар қаторида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ишсизлик муаммолари ва бошқа муҳим ижтимоий масалалар алоҳида ўрин тутди.
Шунингдек, қабуллар давомида фуқаролар оилавий низолар, фирибгарлик ҳолатлари, мулкий низолар, фуқаролик-ҳуқуқий масалалар ҳамда маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш борасида ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Ҳар бир мурожаат атрофлича эшитилиб, ечимини топиш мақсадида тегишли соҳалар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида батафсил муҳокама ўтказилди.
Қабул давомида кўплаб мурожаатлар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, айрим масалалар бўйича эса муаммо ечими юзасидан аниқ вазифалар белгиланди ва тегишли идора ва ташкилотларга топшириқлар берилди. Қолаверса, айрим масалалар назоратга олиниб, уларнинг ижроси юзасидан белгиланган муддатларда жавоб қайтарилиши белгиланди.
Мазкур очиқ қабуллар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг эҳтиёж ва муаммоларига бефарқ бўлмаслик тамойили асосида давом эттирилади.