9 Сентябр 2023 йил 843

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматовнинг ҳудуддаги криминоген вазият ва келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан вилоят аҳолисига мурожаати

Ассалому алайкум, Азиз самарқандликлар!

Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида, криминоген вазиятнинг чуқур таҳлилларига асосланган ҳолда, келгусида амалга ошириладиган аниқ чораларни акс эттирувчи маълумотлар асосида аҳоли олдига мурожаат билан чиқиш борасида топшириқ берилган эди. Берилган топшириқ асосида бугун сизларга мурожаат билан чиқмоқдаман.


Барча соҳалар каби ички ишлар органларида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш – ички ишлар органларининг асосий вазифасига айлантирилди. Вилоятимизда “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими асосида, жиноятларнинг оқибатлари билангина курашиш эмас, балки уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик ва барвақт олдини олиш борасида чоралар кўриб келинмоқда.


Азиз cамарқандликлар!


Вилоятимиз ҳудудида жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида жами янги тизим асосида ишлашга ўтганимиз натижасида, деярли ҳар иккинчи жиноят ходимларнинг ташаббуси билан аниқланмоқда.Жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш асосида олиб борилган профилактик ишлар натижасида, маҳалларимизнинг тенг ярмида, яъни 50,9 фоиз маҳаллаларда биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Жиноят турларидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик жиноятлари камайди. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида содир этилган жиноятларнинг 90,7 фоизи фош этилди. – 262 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб жазо муқаррарлиги таъминланди. – Жиноятчилардан 57 кг. 800 гр. гиёҳвандлик моддалари (497 та ҳолат) расмийлаштириб олинди. 26 338 та оилавий низолар бартараф этилиб, 1 271 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. 3 753 та жиноят ишлари доирасида жабрланучиларга етказилган 97 млрд. 488 млн. миқдоридаги зарар ундирилди. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган жами 584 нафар шахслар реабилитация марказига жойлаштирилди. Аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда 41 та Ҳуқуқ тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилди.


Азиз самарқандликлар!

Ҳурматли Президентимизнинг таъбири билан айтганда, Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир. Прездентимиз ташаббуслари билан маҳаллада хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган чоралар изчил давом эттирилмоқда. Вилоятимизда ёшлар, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олиш бўйича тизимли ишлашни йўлга қўйдик. Хусусан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қўшма фармойиш имзоланиб, вилоят ИИБда ҳамкор тезкор штаб ташкил этилди. Ишчи гуруҳ томонидан вояга етмаганлар, ёшлар ва аёллар томонидан содир этилган жиноятларни келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари кунлик таҳлил асосида муҳокама қилинмоқда. Вазифасига масъулиятсизлик билан қараган ташкилотлар раҳбарлари ва маҳалла бешликларига чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, аёллар томонидан жиноятлар содир этилишини олдини олиш мақсадида Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар томонидан жойлардаги маҳалла бешликлари билан ҳамкорликда ижтимоий профилактика объектлари бўлган аёллар билан индивидуал тарзда суҳбатлашилиб, ижтимоий, маиший ҳамда психологик ёрдамлар кўрсатилмоқда.


Бундан ташқари, маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш самарадорлигини ошириш мақсадида “ижтимоий профилактика” тамойили асосида жиноят қилишга мойиллиги бор оғир аҳволдаги аҳоли билан ишлаш бўйича “маҳалла бешлиги”га аниқ вазифалар белгилаб берилди. Вилоятимиздаги криминоген вазияти оғир бўлган 198 та маҳаллаларга вилоят ва шаҳар-туман Ички ишлар органлари раҳбар ходимлари билан бир қаторда Прокуратура, Миллий гвардия ходимлари, вилоят ва ҳудудий ҳокимликлар вакиллари номма-ном бириктирилиб, уларга жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Қўшма-қарори талаблари асосида маҳалла фаолларига берилган хулосалар натижасида 11 минг 801 та муаммолар бартараф этилди. Юқоридаги хулосаларга асосан жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган 13 тоифадаги шахслар алоҳида назоратга олиниб, уларнинг муаммолари “ижтимоий профилактика” тамойили асосида бартараф этилади.


Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида светофорлар, йўл белгилари, суний йўл тўсиқлари ўрнатиш, жиддий хавф туғдираётган йўл қисмларини таъмирлаш юзасидан таклифлар тайёрланиб, амалга оширилиши таъминланади. Барча йўл патруль хизмати инспекторларининг бевосита маҳалллардаги жавобгарлик ҳудудлари белгилаб берилади.


Ҳурматли самарқандликлар!

Бугунги кунда амалга оширилаётган барча ҳаракатлар – халқимизнинг тинч-тотув ва хавфсиз бўлишига қаратилган. Шундай экан, сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда жиноятчиликни олдини олиш бўйича йўл хариталар ишлаб чиқиб, йил якунига қадар вилоятимиз ҳудудида, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасидаги чораларни янада жадаллаштирамиз. Бу ишларни амалга оширишда албатта кенг жамоатчилик ва Сиз азиз фуқароларимизга таянамиз.

 Эътиборларингиз учун раҳмат!

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов


Text to speech