Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарияти 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тизимда узоқ йиллар хизмат олиб борган соҳа фахрийлари ҳолидан хабар олишди
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ўтмишни ёд этиш, бугунга шукроналик ва келажак учун миннатдорлик айёмидир. Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарияти байрам муносабати билан тизимда узоқ йиллар хизмат олиб борган соҳа фахрийларини қутлашди.
“Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Самарқанд туманида яшовчи ички ишлар соҳаси фахрийси полковник Нурмаҳмат Муллабековнинг ҳолидан хабар олинди. Отахон бугун 86 ёшда.
Ташриф чоғида Ички ишлар вазирлиги ва вилоят ИИБ раҳбариятининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Бошқарма раҳбарияти Самарқанд шаҳар Навбоғчиён маҳалласида истиқомат қилувчи соҳа фахрийси Ахтам Абдураҳимов хонадонида ҳам бўлдилар. Отахон бу йўқловдан боши кўкка етганини айтиб, юртимиз раҳбарлари ва барча-барчани қўл очиб дуо қилди.
Шонли ғалабанинг 80 йиллиги шодиёнаси Самарқанд шаҳар Беруний кўчаси 20- хонадонда яшовчи истеъфодаги подполковник Лариса Маскел хонадонида ҳам давом этди. Масъуллар байрам тилакларини изҳор этиб, эсдалик совғаларини тақдим этишди. Шунингдек, “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони топширилди.
Байрам муносабати билан соҳа фахрийлари ҳолидан хабар олиш тадбирлари давом этмоқда.