11 Июл 2025 йил 526

Самарқанд вилояти ИИБ тезкор вакили таклиф этилган 50 млн сўм порани рад этиб, жазо муқаррарлигини таъминлади

2025 йил 09 июль куни Самарқанд вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида жойлашган соғломлаштириш маркази ниқоби остидаги СПА салонида  ўтказилган тезкор тадбир давомида, ушбу марказ ходималари мижозлар билан интим алоқага киришиш эвазига 100 АҚШ доллари ва 800 минг сўм пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. 

Шундан сўнг ушбу шахслар Самарқанд вилояти ИИБга олиб келиниб, ҳолат расмийлаштирилаётган вақтда, ўзини ушбу соғломлаштириш маркази эгаси деб таништирган 26 ёшли аёл ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатмасдан, маъмурий тартибда судга юборадиган тарзда ҳужжатларни расмийлаштиришни илтимос қилиб, эвазига 50 млн сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. 

Самарқанд вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили подполковник Ориф Баратов пора олиш ва бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамасдан аёл ўз фикридан қайтмаган. Ўртада бўлиб ўтган суҳбат ёзиб олинган ва шу сабабли ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўриш белгиланган.

2025 йил 10 июль куни ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида 26 ёшли фуқаро пора тариқасида таклиф қилинган 50 млн сўмни ички ишлар органи ходимига бераётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech