26 Январ 2024 йил 1128

Самарқанд вилояти Кенгашининг 95-сессияси ўтказилди

      Самарқанд вилояти Кенгашининг 95-сессияси ўтказилди.

     Унда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Х.Умаров 2023 йилда вилоят ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йилнинг 29 ноябрь кунидаги ПФ-27-сонли Фармони ижроси юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси қошида ташкил этилган жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлардан ташкил топган тезкор штаб ҳамда тадбирларга жалб этилган шахсий таркиб томонидан 2023 йилда 17 млн.дан ортиқ фуқаролар иштирокида жами 25 мингдан зиёд оммавий тадбирлар ўтказилиб, ушбу тадбирларда намунали жамоат хавфсизлиги таъминлашга эришилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўтган йиғилишларида белгиланган тегишли вазифалар (Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2023 йил 19 август кунидаги VI-89-79-7-К/23-сонли Қарори) вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижроси таъминланди.

Жумладан, (Кенгаш қарорининг 2,3,4,5 ва 6-бандлари ижроси) вилоят ИИБ бошлиғининг алоҳида фармойишлари ишлаб чиқилиб, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз оила”, “Назорат”, “Жиноятчиликка қарши курашиш”, “Жамоат хавфсизлиги ойлиги” каби тезкор-профилактик тадбирлари ташкил этилди ва кенг қамровли профилактик ишлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, (Кенгаш қарорининг 7-банди ижроси) вилоят Ички ишлар бошқармасидаги Ситуацион марказига интеграция қилинган, Самарқанд шаҳрининг асосий кўчаларига ўрнатилган, 217 та ишламасдан турган видеокузатув камераларининг ойлик ва йиллик тўлов манбаларини белгилаш масаласи (ижроси вилоят ҳокимлиги, вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармалари ва вилоят ИИБга юклатилган эди) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2023 йил 28 сентябрдаги ПҚ-318-хдфу-сон қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги “Хавфсиз шаҳар” кўмаклашиш маркази ихтиёрига ўтказилиб, мазкур 217 та видеокузатув камералари бўйича алоқа каналларини ташкил этиш ва ижараси, дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш ва почта алоқа хизматлари харажатларини қоплаш “Хавфсиз шаҳар” кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилиши белгиланди.   

Шунингдек, криминоген вазияти энг оғир 65 та маҳаллаларга вилоят даражасидаги, “қизил” тоифадаги 273 та маҳаллаларга эса туман-шаҳар сектор раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари бириктирилди.

Хотин-қизларнинг жиноят қурбони бўлишини олдини олиш мақсадида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, 2.232 нафар (2022 й. 3.153 та) аёлларга “Ҳимоя ордер”лари берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан таъсирчан назорат ўрнатилди.

1.126 та маҳаллаларнинг 38,8 фоизида яъни 437 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади ёки 13,6 фоизи яъни, 154 та маҳаллалар “Қизил” тоифадан “Сариқ” тоифага ўтишига эришилди.

2023 йил давомида содир этилган жами 7.843 та жиноятларнинг 4.672 таси ёки 59,5 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни ташкил этган бўлса, ички ишлар органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида умумий содир этилган жиноятларнинг 40,4 фоизи яъни 3.171 таси шахсий ташаббус билан ходимлар томонидан аниқланиб, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирда вилоятимиздаги барча ички ишлар органлари ходимлари Президентимиз томонидан юритилаётган сиёсатни тўғри тушуниб, халқ орасига кириб борди ва келгусида ҳам аҳолининг муаммолари ва дарди билан ҳамнафас бўлиб, хизмат вазифаларини садоқат билан бажаришларини таъминлаймиз.

Х.Умаров, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари.

 

Text to speech