29 Январ 2025 йил 5211

Самарқанд вилояти маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда

Ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва қарор ижроси юзасидан ишчи гуруҳи Оқдарё тумани “Пўлатдархон” маҳалласида сектор раҳбарлари, маҳалла еттилиги ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари билан учрашди.

Туман ҳудудида 1-чорак давомида кўча ва хиёбонларга, аҳоли гавжум масканлар, бозорлар  ва савдо шохобчалари жойлашган манзилларга 90 та видео камералари, кўп қаватли уйларнинг йўлакларига 30 та кузатув камералари ўрнатилади.

120 та уй Миллий гвардиянинг қўриқловига олинади ва 7 та домофон ўрнатиб берилади. Фуқаролар кўп йиғиладиган ва жамоат жойларида 4 та ташвиш тугмалари қўйиб берилади. 20 та намунали кўча ва 35 та намунавий хавфсиз йўлак ташкил этилади.

Шунингдек, туман Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳокимият масъуллари томонидан аёллар жиноятчилигини барвақт олдини олиш бўйича яратилаётган тизим тақдимоти ўтказилди.


Республика ишчи гуруҳи аъзолари Самарқанд вилоятининг барча шаҳар-туманларида соҳага масъул мутасаддилар билан ҳамкорликда қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ижросини таъминлаш чораларини кўришмоқда.

Text to speech