Самарқандда афв этилган фуқаролар билан учрашув ўтказилиб, муаммолари ўрганилди
Самарқандда афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгиланган
Хабар берганимиздек, Президентимиз Фармонига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 21 нафар самарқандлик маҳкум жазодан озод этилганди.
Бу шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадида ҳокимликлар, тегишли ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланган.
Жумладан, вилоят ҳокимлигида афв этилган фуқаролар билан ўтказилган учрашувда уларнинг уй-жой, иш билан таъминлаш, саломатлиги ва бошқа масалалар юзасидан муаммолари, келгусидаги мақсад ва режалари эшитилди. Билдирилган муаммоли масалалар бўйича ёрдам кўрсатиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
– 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилгандим ва 2 йил 4 ой жазо муддатини ўтадим, – дейди Пастдарғом туманидаги Пўлатчи маҳалласида яшовчи Ф.Эшмуродов. – Президентимизнинг 27 августдаги фармони билан афв этилиб, муддатидан аввал жазодан озод қилиндим. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман. Яна оилам бағридаман. Хатоларимни англаб, бундан тегишли хулоса чиқариб олдим. Энди фақат ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратаман, жамиятда ўз ўрнимни топишга интиламан. Новвойлик билан шуғулланмоқчиман. Бу борада туман ҳокимлиги менга ёрдам берадиган бўлди.
Самарқанд тумани Мўлиён маҳалласида яшовчи, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан 2,5 йил олдин озод этилиб, афв қилинган Б.Шербоев кичик нон цехи ташкил этиш режаси борлигини айтиб, ускуна харид қилишда ёрдам сўради. Ҳокимлик томонидан бу масалада унга моддий ва маънавий кўмак берилиши айтилди.
Ҳ.Элтоев, Zarnews.uz