Самарқандда гиёҳванд моддалари билан боғлиқ жиноятни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ИИБ ходимига пора берган аёлга жиноят иши қўзғатилди
Самарқандда гиёҳванд моддалари билан боғлиқ жиноятни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ИИБ ходимига пора берган аёлга жиноят иши қўзғатилди.
Олинган тезкор маълумотга асосан, 2020 йил 26 август куни Самарқанд тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан фуқаро И. нинг яшаш уйи ва ёрдамчи ҳўжаликларида ўтказилган тинтув тадбири давомида, уйидан бир дона рангсиз целлофан бўлакчасига қадоқланган, соф оғирлиги 0.22 граммга тенг “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Тадбир вақтида фуқаро И. яшаш уйидан номаълум томонга қочиб кетган.
Шу куни соат 19:00 ларда Самарқанд тумани ИИБ ходимининг олдига ўзини гумон қилинувчи И. нинг онаси деб таништирган З. келиб, ўғлининг хонадонидан гиёҳвандлик воситаси топилганлиги, бу ишни пул эвазига ижобий ҳал қилиб беришни сўраган.
ИИБ ходими аёлга гиёҳвандлик воситалари билан муомала қилиш жиноят эканлиги, бу ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилганлигини, ўғлини тергов ҳаракатларига жалб қилиш учун олиб келишини айтишига қарамасдан, ўғлининг ишини ҳал қилиб беришини, бунинг эвазига қўл бармоқлари ёрдамида уч рақамини кўрсатиб, 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беришни таклиф қилган.
Ходим фуқаронинг бу ҳаракати ноқонунийлиги, пора бериш, олиш, олиш-беришда воситачилик қилиш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамасдан З. 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни 27 август куни соат 10:00 да олиб келишини айтиб, чиқиб кетган.
Туман ИИБ ходими вилоят ИИБга билдирги билан мурожаат қилиб, юқоридаги ҳолатни баён қилган.
Мазкур билдиргига асосан, 2020 йил 27 август куни ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро З. ўғли И. томонидан содир этилган жиноят бўйича жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига ИИБ ходимига хизмат хонасида 4000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд туман прокуратураси томонидан З. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.