30 Январ 2025 йил 320

Самарқандда хавфсиз муҳит яратиш чоралари кучайтирилмоқда

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятининг барча шаҳар-туманларида криминоген вазиятни яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш борасида Давлат раҳбари қарорининг ижроси ўрганилмоқда.

Республика ишчи гуруҳига Самарқанд туманидаги “Қўштамғали” маҳалласида “Ҳуқуқ-тартибот маскани” яратиш, “Хавфсиз бекат” намунасини ишга тушириш ҳамда “Ёшлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” борасида режалаштирилган ишлар тақдимот қилинди. Маҳалла еттилиги, туман сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот вакилларига ҳудудларни хавфсиз масканга айлантириш масалаларининг ижроси тушунтирилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳудудида 1-чорак давомида 220 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ташвиш тугмалари ва видеокузатув камераларини ўрнатиш, 29 та савдо шохобчалари ҳамда 220 та хонадонларни Миллий гвардия қўриқловига олиш, шунингдек 30 та кўп қаватли уйлар кириш эшикларига домофонлар ўрнатиш белгиланган.

Ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳри “Боғисарой” маҳалласида янги ишга туширилган 5 та маҳаллага хизмат кўрсатувчи “Ҳуқуқ-тартибот маскани” фаолияти билан танишди. Масканда маҳалла еттиликлари, ички ишлар ва прокуратура органлари, шунингдек Миллий гвардия ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

Жараёнда “Обод ва хавфсиз маҳалла тамойили” асосида “Боғисарой” маҳалласи мисолида ижтимоий профилактика бўйича янгича ишлаш тизими тақдимот қилинди.

Маҳалла еттилиги, сектор раҳбарлари ҳамда масъулларга криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шаҳар ҳудудидаги 26 та “қизил” тоифадаги маҳаллаларни криминоген вазиятини барқарорлаштириш, 1-чорак давомида бажариладиган ишлар ҳажми белгиланиб, маҳаллаларнинг кириш ва чиқиш, ҳамда аҳоли гавжум жойлари ва кўчаларига 930 та видеокузатув камералари, 100 та савдо марказлари ва бозорларга 30 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи камераларни ўрнатиш, “Намунали хавфсиз кўча” ва “Намунали хавфсиз йўлак”ларни ташкил қилиш ҳамда вазиятни назорат қилиш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги маҳаллалар еттилиги билан жиноятларнинг олдини олиш борасидаги вазият таҳлил этилиб, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган аниқ манзилли тадбирлар белгиланмоқда.

Text to speech