Самарқандда шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги учрашувлар давом этмоқда
Ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходимлар халқ билан бирга, ёнма-ён, уларнинг ташвиши муаммоларини биргаликда ечишни мақсад қилган давлат хизматчилари хисобланади. Шу билан бирга ички ишлар ходимининг меҳнат қобилияти, иш самарадорлиги, турмуш шароитлари, хулқ-атвори, ютуғи ва муаммолари ҳам соҳа раҳбарлари томонидан мунтазам назорат қилиб борилади.
Вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти томонидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ шахсий таркиби билан ўтказилган йиғилишда бугун ички ишлар тизими ходимлари олдида турган мақсад ва вазифалар ҳақида сўз борди. Шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар айтиб ўтилди.
Шунингдек, учрашув давомида ҳам ички ишлар ходимининг ўз хизмат вазифасига муносабати, касбини севиши, юртига, Ватанига садоқати борасидаги фикрларга алоҳида урғу берилди.
Ходимларнинг шахсий хавфсизлиги, ўзи ва оиласини ҳимоя қилиши, ёмон иллатлардан йироқ бўлиб, фуқаролар билан мулоқотда эса хушмоамала бўлиши ҳақида сўзга чиққанлар томонидан аниқ ва мақсадли тавсиялар берилди. Ички ишлар ходими аҳоли орасида шахсий намуна бўлиб, халқ билан бирга яшаши, тинчлик ва осойишталикни таъминлаши лозимлиги ҳам таъкидланди.
Тизимда ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажарадиган, ҳалол ва жасур, ўз қасамёдига содиқ ички ишлар ходимлари сафларини янада кенгайтириш масаласида ҳам фикрлар билдирилди.
Бугун ички ишлар ходими аввало халқ ҳурматига лойиқ, фидоий ва жонкуяр инсон бўлиши лозим. Бўлиб ўтган тадбирда масъуллар томонидан яна бир бор огоҳлик ва сергаклик ҳақида фикрлар билдирилди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати