Самарқанд вилояти ички ишлар органларида хизмат қилган устоз ва мураббийлар учун байрам тадбири ташкил этилди
Байрам муносабати билан ички ишлар органларида хизмат қилиб, бугун нафақа гаштини сураётган фахрийлар Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси томонидан самимий муборакбод этилмоқда.
Ёши улуғ инсонлар, устоз-мураббийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади. Бу анъана мамлакатимизда нишонланадиган байрамлар арафасида яққол намоён бўлади.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида ҳам бу йилги байрам тадбирлари ўзгача кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. Вилоят ИИБнинг соҳавий хизматлари ҳамда барча шаҳар-туман ИИБ раҳбарлари устоз ва мураббийлар, фахрийлар хонадонига бориб, уларни байрам билан табриклашмоқда. Фахрийларга совғалар улашилиб, байрам дастурхонлари ёзилмоқда.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтказилган байрам тадбири бир пиёла чой устида давом этди. Тадбирни Бошқарма бошлиғи Раҳмат Маматов очиб бериб, Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Ўтганлар ҳаққига дуо ўқилиб, “Қуръон” тиловат қилинди. Шундан сўнг дастурхонга ўзбек миллий таоми ош тортилди. Фахрийлар ўз ишлаган даврларини тенгдошлари билан эслаб, дилдан суҳбат қуришди.
Ушбу қутлуғ санага бағишланган хайрли тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар-туман Ички ишлар бўлимлари ҳамда соҳавий хизматларида уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати