6 Январ 2023 йил 509

Самарқанд вилояти ИИБда «Уч авлод учрашуви» бўлиб ўтди

Фахрийларни эъзозлаш уларга ҳурмат эҳтиром кўрсатиш устувор масала. Фахрийларнинг тажрибаси ва малакаси ёш ходимлар учун ибрат мактаби. Ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, бугунги кунда фахрийлик гаштини сураётган отахонларнинг аксарияти ўйда ўтиришни эп билмасдан устоз-шогирд анъанасига содиқ қолган ҳолда соҳа вакилларидан ўз маслаҳатларини аяшмаяпти.

Тадбирни ИИБ бошлиғининг ўринбосари Фахриддин Раҳматов очиб бериб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ёш авлодни тарбиялашда «устоз-шогирд» анъанасига амал қилиш, устозларни улуғлаш, уларни орттирган тажрибаларидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси М.Жабборов тадбирда сўз олиб, бугун мустақил мамлакатимизда ёшлар давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлар, ғамхўрликлардан илҳомланиб, Ватан хизматига камарбаста бўлишга, бунда фахрийларнинг хизмат ва ҳаёт йўлида орттирган тажриба маслаҳатларига таянган ҳолда пухта билим олиб, ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб етишишида бундай учрашувларнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёслигини билдиришди.

Шундан кейин сўзга чиққан ИИВ фахрийлар кенгашининг аъзолари ҳам ўз ҳаёт ва хизмат йўлидаги залворли даврларни ва муваффақиятга эришган онларини иштирокчилар эътиборига етказиб, бугунги ёш авлод «ички ишлар органи ходими»- деган шарафли номга муносиб бўлиши учун ўз устида тинимсиз ишлаши, билимларни пухта эгаллаши ва асосийси халққа ва Ватанга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг «муқаддас бурчи»- деб, билиши лозимлигини айтиб ўтдилар.

Ўз навбатида иштирокчи ёшларнинг ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида билдирган фикр-мулоҳазалари тингланди. Намунали ёшлар тақдирланишди.

Сермазмун суҳбатларга бой бўлган ушбу маънавий-маърифий тадбир иштирокчиларнинг хотирасидан ўчмас жой олиши билан биргаликда, уларнинг келгуси ҳаёт йўлларини ёритувчи зиё бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech