Самарқандда афв этилганларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш борасида манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 06 декабрдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги ПФ-30-сон Фармонига асосан, Самарқанд вилояти бўйича жами 6 нафар (Каттақўрғон.ш-1, Тайлоқ-1 ва Ургут-4) муқаддам терроризм ва диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар афв этилди.
Афв этилган фуқароларни ижтимоий мослашувини таъминлаш ва жамоатчиликка қўшиш мақсадида, жорий йилнинг 10 декабрь куни Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, Самарқанд вилояти ИИБ ва ДХХ Самарқанд вилояти вилоят бошқармасининг маъсул раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан фуқароларнинг ҳар бири билан уларнинг яшаш манзилларига борилиб, оила аъзолари иштирокида якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Ўтказилган суҳбатлар давомида уларнинг жами 30 та муаммолари мавжудлиги аниқланиб, ҳозирга қадар 9 таси жойида ҳал этилди.
Жумладан:
- уй-жойга муҳтожлик билан боғлиқ 1 та муаммо аниқланиб, 2022 йилда субсидия асосида ажратиладиган уй-жойлардан берилиши тушунтирилди;
- уй-жой таъмири билан боғлиқ 2 та муаммо аниқланиб, ижрога қаратилди;
- соғлиқни сақлаш билан боғлиқ 6 та муаммо аниқланиб, барчаси тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди;
- бандлигини таъминлаш билан боғлиқ 6 та муаммо аниқланиб, 2 нафари иш билан таъминланди, 4 нафари бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига топшириқлар берилди;
- МТМга жойлаштириш билан боғлиқ 1 та муаммо аниқланиб, қисқа муддатда ҳал этилиши белгиланди;
- паспорт расмийлаштириш билан боғлиқ 4 та муаммо аниқланиб, ижрога қаратилди;
- моддий ёрдам ажратиш билан боғлиқ 6 та муаммо аниқланиб, ҳудудий ҳокимликлар ҳузуридаги ижтимоий кўникма марказларига йўлланмалар берилди;
- бошқа турдаги 4 та муаммо (тикув машинаси ва пайвандлаш аппарати олиб бериш, фарзандини тўғаракка жалб қилиш билан боғлиқ) аниқланиб, чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, афв этилган фуқароларни реабилитация қилиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар “Йўл харитаси”га асосан уларнинг ҳар бирига мураббийлар бириктирилиб, уларнинг вазифалари белгилаб берилди.
Афв этилган шахслар билан реабилитация ва ижтимоий мослаштириш тадбирлари давом этмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати