Самарқандда кекса одамнинг юзига тепган йигит ИИБга олиб келинди
Ижтимоий тармоқларда “Самарқандда бир йигит кўчада кетаётган кишини тепган ҳолати видеосини ижтимоий тармоқларда тарқатиб мақтанаётганлиги айтилмоқда” сарлавҳаси остида видеолавҳа Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Воқеа 2022 йилнинг 24 январь куни соат тахминан 19:00 ларда Самарқанд шаҳри Қўшчинор маҳалласида содир бўлган. 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Ў.А. маҳалладоши Б.Ҳамидов кўчасида келаётган 1968 йилда туғилган фуқаро Ф.Р.нинг юз қисмига тепиб ҳодиса жойини тарк этган.
Ҳолатни Ў.А.нинг таниши 2006 йилда туғилган Р.К. тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган.
Ҳолат юзасидан вояга етмаган Ў.А.нинг ота-онасига нисбатан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Шунингдек, бўлиб ўтган ҳодиса мактаб раҳбарияти иштирокида ҳам муҳокама этилди.
Қўшимча сифатида айтиш мумкинки, Ў.А спорт билан шуғулланиб келган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда айтилганидек, йигит ТикТокчи ёки тармоқ фаоли эмас.
Ҳозирда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси тўғрисида яна маълумот берилади.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати