15 Ноябр 2021 йил 695

Самарқандда шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги учрашувлар ўтказилмоқда

Ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнат қобилияти, иш самарадорлиги, кайфияти, турмуш шароитлари, ютуқлари ва муаммолари соҳа раҳбарлари томонидан мунтазам ўрганилиб, таҳлил қилиниб борилади.

Бу борада Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғининг Фармойиши қабул қилинган бўлиб, барча шаҳар-туман ИИБ ларида ходимлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ва учрашувлар ўтказилмоқда.

Бугун шу каби учрашув Самарқанд ва Тойлоқ туман ИИБларида бўлиб ўтди.

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Фахриддин Рахматов, ҳамда, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи подполковник Элёр Мажидовлар шахсий таркиб ўртасида хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш мақсадида юқорида номи келтирилган туманларда ходимлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди.

Учрашувлар танқидий-таҳлилий руҳда бўлиб ўтмоқда.

Ўтказилаётган йиғилишлар давомида асосий эътибор вилоят ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш бўйича йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар омма эътиборига ҳавола этилмоқда. Шунингдек, хизматда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун тизимдан бўшатилган ходимларнинг ҳаракатлари акс этган видеолавҳа йиғилиш иштирокчиларига қўйиб берилмоқда.

Ўз хизматига лойиқ, ҳалол хизмат қилаётган бир гуруҳ жонкуяр ходимлар ИИБ раҳбарияти томонидан рағбатлантирилиб, ота-оналарига миннатдорчилик билдирилди. Ўз ишига панжа остидан қарайдиган ходимлар шахсий таркиб олдида муҳокама қилинмоқда.

Ҳар бир ходимнинг фуқаролар билан мулоқоти одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши, ҳар вақт ҳам халқ ва давлат манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигига алоҳида урғу берилди.

Учрашувлар давомида ходимлар ўзларини қийнаб келаётган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди.

Бундан ташқари, учрашувлар ходимларни хизматга садоқат, она ватанга мухаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этувчи "Ўзбекистонда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тарихи" китобининг тақдимоти ҳам ўтказилмоқда.

Бу каби тадбирлар Самарқанд вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech