22 Декабр 2021 йил 484

Самарқандда “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида Ички ишлар вазири соврини учун ўтказилаётган беллашувларнинг минтақавий босқичи ғолиблари аниқланди

Бугун аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, оммавий спортни ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, оилаларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, унда улғаяётган ёш авлодни ҳам маънавияти етук, мустақил фикрлашга қодир инсонлар этиб тарбиялашга ҳам алоҳида урғу берилаяпти. Сабаби, спорт одамларнинг жисмоний соғломлигини кафолатласа, китобхонлик маънавий камолотга етказишга хизмат қилади. Республиканинг 3-сектор ҳудудларида яшовчи оилалар ўртасида “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида ўтказилаётган спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларидан кўзланган мақсад ҳам шу аслида. Ушбу беллашувларнинг минтақавий босқичига Самарқанд вилояти мезбонлик қилди.

Танловда Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларининг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган 8 нафар оилалар ўзаро соғлом рақобат асосида беллашдилар. Иштирокчилар дастлаб, спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси, бадминтон, қувноқ стартлар каби турлари бўйича баҳслашишди. Китобхонлик борасидаги беллашув ҳам янада қизиқарли ва баҳсларга бой бўлди.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, спорт мусобақаси йўналишида 1-ўрин Жиззах вилоятининг 3-секторда яшовчи Жуманазаровлар оиласига, 2-ўрин Қашқадарё вилоятининг 3-секторда яшовчи Шердоновлар оиласига ҳамда фахрли 3-ўрин Сурхондарё вилоятниниг 3-секторда яшовчи Янгибоевлар оиласига насиб этди.

Китобхонлик беллашуви йўналишида эса 1-ўрин Самарқанд вилоятининг 3-секторда яшовчи Жумаевлар оиласига, 2-ўрин Жиззах вилоятининг 3-секторда яшовчи Абдуллаевлар оиласига насиб этган бўлса фахли 3-ўринни Сурхондарё вилоятниниг 3-секторда яшовчи Холиқовлар оиласи қўлга киритди.

Шунинг билан “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида ўтказилган спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларининг минтақавий босқичи ўз якунига етди.

Ғолибларга вилоят ИИБ бошлиғининг диплом, эсдалик совғалари топширилди.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech