30 Июл 2023 йил 849

Самарқандда “Тўмарис издошлари” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди

Чаққонлик, қатъиятлилик, зукколик, оқилалик ва моҳирлик. Бу фазилатларни ўзларида жам қилган жамоалар катта ишонч билан танловда жам бўлишди. Танловнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мутасадди вакиллари, вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари сўз олиб, соҳага қаратилаётган эътибор, аёл ходималарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўрни ва ролини ошириш, истеъдодларини намоён қилишлари бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини ва яратилаётган шарт-шароитларни алоҳида эътироф этишди.

Барча вилоятлардан келган жамоалар танловнинг таништирув шарти бўйича чиқишларида Тўмариснинг жасорати, шижоати, юртга садоқати ва ватанпарварлик жиҳатларини акс эттиришди. 5 кун давомида бўлиб ўтган танлов доирасида турли спорт мусобақалари ва қизиқарли беллашувларда иштирокчилар маҳорат ва истеъдодларини намоён этишди.

Ички ишлар ходималари саҳнавий чиқишларида Тўмарис каби жасур, эл-юрт ҳимоясига шай, ватан ишқи юрагида доимо устун туришини ифода этишди. Жамоларнинг Ватанимиз, халқимиз, миллий қадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга бўлган ҳурмат ва садоқати, дунёқараши, фикрлаш доираси, билимдонлиги муносиб баҳоланди.

Жасорати, шижоати, азму қатъийлиги билан миллатимизнинг ғурур ва ифтихорига айланган Тўмариснинг қаҳрамонлиги замонлар ўтса-да, ватанпарварлик тимсоли бўлиб қолаверади.

Ҳар бир жамоа танловга ўзгача иштиёқ билан тайёргарлик кўрган. Танлов давомида мураккаб даврда юрт келажаги ва равнақи йўлида мардонавор курашган матонатли Тўмарис қиёфаси кўнгилларда ифтихор туйғусини уйғотди.

Танлов доирасида намойиш этилган видеороликларда Турон маликаси Тўмарис чаманзордан кўра тиканзор бўлсада ватан тупроғини муқаддас билиб, унинг ҳар қарич ерини ғанимлардан ҳимоя қилганлиги, керак бўлса бу йўлда ўз жонини қурбон қилишга ҳам шайлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Танловнинг 2-кунидаги спорт мусобақаларида жамоалар чаққонлик ва моҳирликларини намоён этишди. Хусусан, 800, 400, 200 ва 100 метрга эстафетага югуриш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш ва эркин услубда 50 метр масофага сузиш шартлари ҳам қизиқарли жараёнларга бой бўлди. Муросасиз кечган беллашувларда аёл ходималарнинг спорт машғулотларида нечоғлик маҳоратли, эпчил ва тезкор эканликлари акс этди. Жанг майдонида яраланганда биринчи тез ёрдам кўрсатишда ходималарнинг тиббий билим ва кўникмалари ҳам синовдан ўтказилди. Югуришда ҳам жамоалар рақибларини ортда қолдириб ғолиблик сари ҳаракат қилишди. Эркин услубда сузиш бўйича ҳам иштирокчиларнинг маҳорати эътирофга сазовор бўлди.

Шижоат, илдам ҳаракат ва муваффақият. Ғолиб бўлиш учун ҳар бир жамоада ана шундай иштиёқ кучли бўлди. Спорт мусобақалари иштирокчиларнинг жисмоний фаоллигини ошириб, ирода ва матонатини синовдан ўтказиш билан бир қаторда ўзаро дўстлик ришталарини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Танловнинг кейинги кунида иштирокчилар дала ўқув майдонида саф тортишди. Унда жамоалар Макаров тўппончасидан 25 метр масофага, Калашников автоматидан 100 метр масофага ўқ отиш ҳамда ярадорни жанг майдонидан олиб чиқишда беллашишди. Мусобақани бошқарма бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов очиб бериб, Тўмариснинг мардлиги ва юртни севишдек фазилатларини алоҳида эътироф этди. Ҳар бир ходима қалбида унинг довюраклиги жўш уриши лозимлигини таъкидлади.

Иштиркочилар моҳирлик ва интизом, бирдамликда аниқ ҳаракатлана олиш қобилиятларини синовдан ўтказишди.
Ўқ отиш шарти иштирокчилардан моҳир мерган бўлиш бирга эҳтиёткорликни ҳам талаб қилди. Мусобақада иштирокчилар белгиланган шартлар бўйича юксак касбий маҳорат ва матонат намуналарини кўрсатдилар.

Ходимларда юксак жанговар тайёргарликни ошириш, етакчилик хусусиятларини ривожлантириш, жамоаларда соғлом, маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдек ўзига хос жиҳатларни мақсад қилган беллашув қизғин ва муросасиз кечди.

Тўмариснинг жасорати аёл ходималарда буюк аждодларимиз билан фахрланиш ҳиссини уйғотади. Шунингдек, Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини англатади ҳамда эл-юрт равнақи йўлида фидокорона хизмат қилишга даъват этади.

Танлов якунига кўра шартларни аъло даражада бажарган ғолиблар ва турли номинациялар совриндорлари аниқланди. Ғолибларни тақдирлаш маросими тантанавор тус олди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ мутасаддилари ва вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов иштирок этди.

Иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 1-таништирув шартида 1-ўрин Самарқанд вилояти, 2-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, 3-ўрин Навоий вилояти ИИБ жамоасига, 2-шарт Калашников автоматидан ўқ отиш мусобақаларида 1-ўрин Қоровул қўшинлари қўмондонлиги, 2- ўрин Хоразм, 3-ўрин Қашқадарё вилояти ИИБ жамоасига, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш шартида 1-ўрин Самарқанд, 2-ўрин Бухоро ва 3-ўрин Қашқадарё вилояти ИИБ жамоасига, сузишда 1-ўрин Сурхондарё, 2-ўрин ИИВ академияси, 3-ўрин Сирдарё вилояти ИИБ жамаосига, эстафетага югуришда 1-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, 2-ўрин ИИВ академияси, 3-ўрин эса Жиззах вилоятига насиб этди.
Дала шароитида мазали таом тайёрлаш шартларига кўра Самарқанд 1-, Қашқадарё 2-, Тошкент шаҳар ИИББ жамоаси 3-ўрин ғолиби бўлишди. Дала шароитида нон пиширишда 1-ўринни ЖИЭД, 2-ўринни Самарқанд ва 3-ўринни ИИВ академияси иштирокчилари қўлга киритди.

Умумжамоа ҳисобида 3-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва Самарқанд вилоят ИИБ, 2-ўрин Қашқадарё вилоятига насиб этган бўлса 1-ўрин билан ИИВ академияси жамоаси тақдирланди.

Шунингдек, танлов иштирокчилари учун бир пиёла чой ташкил этилиб, хушовоз санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчани рақсларга чорлади.

Умида Мамадалиева

Text to speech