29 Август 2024 йил 1122

ТАРОЗИНИНГ АДОЛАТ ПАЛЛАСИ ёхуд фикрати кенг терговчи хато қилмайди

Ака-ука отасидан қолган ерни Олимга (исмлар ўзгартирилди) сотди. Келишилган пулнинг яримидан кўп қисмини қуртдек санаб олишди. Ҳужжат ишларига келганида, бир-икки ой ўтса ҳамки,  ишни пайсалга солаверишди.  Шундай кунларнинг бирида Олим яна уларнинг уйига борди. Уй бекасининг «Эрим укаси Ҳамид билан кеча Россияга учиб кетди», деган гапидан ҳангу манг бўлиб қолди. Энди нима бўлади?.. Олим қайта-қайта ака-укаларга қўнғироқ қилди, аммо боғлана олмади.  Саккиз ойдан кейингина Низом, яъни ака билан гаплашди. Аммо унинг «Ҳеч қанақа пул олмаганмиз сендан, гапни кўпайтирма», дея қилган муомаласидан, лафзи йўқ одамларга ишониб,  шунча пулни осмонга совурганини пайқади. Ҳеч иккиланмай ички ишлар бўлимига бориб, бўлган воқеани баён қилиб, ариза билан муржаат қилди. Бу иш Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси, майор Шаҳбоз Ҳамроевга топширилди. 

– Мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари бошланганида далиллар етарлича эмасди, – дейди майор Шаҳбоз Ҳамроев. – Бироқ гумонланувчиларнинг кейинги хатти-ҳаракатлари, яъни жабрланувчининг ўғлини гаровга олиб, аризасини қайтариб олишини, ҳеч қандай даъвоим йўқ, дея тилхат ёзиб беришини талаб қилишгани ҳамма далилларни исботлашга кифоя қилди. Табиийки, бундай вазиятда жабрланувчи аввалига қўрқиб кетган, аммо мени огоҳлантирди.  Ҳолат бўйича жараёнлар узоқ давом этди. Ва якунда ака-укалар қилмиши тўлиқ исботини топди.

Инсон табиати қизиқ. Ҳалол меҳнати ортидан фаровон яшаш имкониятлари бўлса-да,  пул, бойлик орттириш мақсадида жиноят кўчасига киришдан  тап тортмайди. Билмайдики, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам, албатта, чиқади. Камига, кун келиб, қилмишлари фош бўлганида, ҳатто қонун ҳимоячисини ҳам чалғитиб, сувдан қуруқ чиқишга уринади. Қаҳрамонимизда ўзининг айёр, устомонлиги билан қилар ишни қилиб қўйиб, қонунни айланиб ўтмоқчи бўлганларга қарши «иммунитет» шаклланган. Тўғрироғи, бунга 2017 йил ИИВ Академиясини тугатиб, илк хизматини Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида суриштирувчи сифатида бошлаган кезлари устози,  ҳозирда Пахтачи тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи, майор Жалолиддин Суюнов сабабчи бўлган. Қаҳрамонимиз билан суҳбатлашарканмиз, устозининг «Терговчининг нигоҳлари ўткир, зийрак ва фикрати тиниқ, мулоҳазакор бўлиши зарур», дея унга ўргатган билимларининг қиймати ниҳоятда юқори эканлигини яширмади.  Унга топширилган ишларни синчиклаб ўрганиш ва адолатнинг қарор топишида соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фидойи устозларидан ўрганганлари доим асқатишини таъкидлади.

 – Ўғлим, яқинда ўттиз уч ёшни қаршилади, – дейди   Сорахон опа Ҳамроева. – Юртимиз мустақил бўлган йилда туғилган. Унинг боғча, мактабга чиқиши ҳаммаси-ҳаммаси юртимиздаги янгиланишлар билан боғлиқ. ИИВ Академиясига ўқишга кирганида уйимизда катта байрам бўлиб кетган. Очиғи, аввалига биттагина ўғлим, дея бироз хавотирланганман. Бироқ у ўқишни тамомлаганида қаршимда ҳақиқий Ватан ва қонун посбонини кўрдим. Юрагимдаги хадик фахрга айланди. Ҳар куни дуога қўл очиб, ўғлимнинг ишларига ривож тиларканман, бахтли оналар сафида эканлигимдан хурсанд бўламан. 

Зиммасига юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндашиб, ҳамкасблари ишончи ва ҳурматини қозонган қаҳрамонимиз отаси Ҳасанжон ака, онаси Сорахон опанинг суянчиғи, Муҳаммадсодиқ ва Умаржоннинг меҳрибон отаси, аёли Дилнозахоннинг севимли ёрдир. У бўш вақтларида кураш, самбо каби спорт турлари билан шуғулланади. Айтганча, у оиласи, яқинларини кутилмаганда ширинликлар билан сийлашни яхши кўрар экан. Майор Шаҳбоз Ҳамроевнинг бу хислати оддий бир инсон сифатида  ҳаётни нақадар чуқур идрок қилишига ишорадир. Зеро, одамлар қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, бир-бирига яхши тилак, эзгуликлар соғинса, ширинликлар улашса, қалблар ёришиб, ёмон иллатлар чекинишига ишончимиз комил. 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА

Text to speech