Ургут туманида содир бўлган жиноят муҳокамаси
Вилоят ички ишлар бошқармасининг 102 рақамига Ургут туманидан қилинган қўнғироқ орқали Чағизмон маҳалласида мудҳиш ҳодиса рўй берганлиги баён этилди. Маълум қилишича, келин қайнонасининг ўлимига сабабчи бўлди. Аянчли ҳодисага сабаб, қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчилик.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов мазкур маҳаллада бўлиб, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари жамоатчилик вакиллари иштирокида мазкур ҳолат юзасидан муҳокамавий йиғилиш ўтказди. Кўнгилсиз воқеа хусусида гапирар экан, ёшларни оилага тайёрлашда эътиборсиз бўлмаслик, келинлик, куёвлик илмини ўргатишда ота-она, бобо бувиларнинг ибратли ўгитларини олтин қоидага айлантириш лозимлигини таъкидлади.
-Нега, келин қайнонага ҳурматсизлик қилаяпти, қайнона келин билан муроса қила олмаяпти. Нима учун бундай низоли ҳолатлар кўп? Тарбияда оқсоқлик бор. Тўй-маъракаларда дабдабабозлик билан эмас, юксак маънавиятимиз билан мақтанайлик, фарзанд тарбияси уларнинг одоб аҳлоқига лоқайдлик билан қарамайлик,- деди бошқарма бошлиғи.
Шунингдек, мудҳиш ҳодиса содир бўлган хонадон маҳалла мутасаддилари томонидан атрофлича ўрганилмаганлиги танқид қилиниб, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда мунтазам ҳар бир оила билан ишлаш, улардаги маънавий муҳитни эътибордан четда қолдирмаслик зарурлиги қайд этилди. Оилалар тинчлиги ва ўзаро аҳиллигида маҳалла ҳамда жамоатчиликнинг ролини ошириш, нуронийларнинг иштирокини кучайтириш борасида ҳам тушунчалар берилди.