Ҳурматли фуқаролар!
Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 27-августдаги ЎРҚ-946-сон "Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220¹-моддасига қўшимча киритиш ҳақида"ги ва 28-августдаги ЎРҚ-949-сон "Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қонунлари қабул қилинди.
ЎРҚ-946-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 220¹-моддасига шахсни ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширганда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185¹-моддасининг (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) янги таҳририга мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиққанлик, шунингдек, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик учун мазкур ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 248-моддасига киритилган қўшимчаларга асосан ички ишлар органлари номидан ушбу кодекснинг 185¹-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда профилактика катта инспекторлари ва инспекторлари баённома тузиш ваколати берилди.