13 Феврал 2020 йил 1424

Самарқандда «Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти» кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    Вилоятда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда соҳанинг муҳим бўғини ҳисобланган, бевосита маҳалла ҳудудида иш юритаётган милиция таянч пунктларининг ўрни катта. Улардаги профилактика инспекторларининг ўз вазифасини самарали амалга оширишида, фуқаролар йиғинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг илғор тажрибасини тарғиб қилиш ва рағбатлантиришда “Намунали ички ишлар органлари таянч пункти” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида “Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ш.Рахмонов, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, ҳарбийлар, маҳалла фуқаро йиғинлари ҳамда бир қатор соҳа вакиллари иштирок этишди.

 Танлов ғолибларини аниқлашда милиция таянч пунктларининг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги вазият, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва аҳоли билан ҳамкорлиги, билим ва тажрибаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Тантанали тадбирда 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ғолиблар билан бир қаторда “Энг маҳоратли профилактика инспектори”, “Профилактика инспекторининг энг фаол жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси”, “Энг фидойи маҳалла раиси”, “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассис”, “Адолатли яраштириш комиссияси раиси”, “Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси”, “Энг фаол ёшлар етакчиси” ва “Энг фидойи сектор раҳбари” номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланди.

   Танлов якунига кўра, маҳаллада аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиб, ҳар қандай масалаларни маҳалланинг ўзида бартараф этиб келаётган, Нуробод тумани «Гирдиқўрғон» маҳалласида жойлашган 257-сонли таянч пункти 3-ўринни эгаллади ва профилактика инспектори катта лейтенант Хамидуллаев Жасур Рахимович 5 миллион 575 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан, ички ишлар органлари билан аҳолини якдил боғловчи, улар ўртасида мустахкам кўприкка айланган, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида спорт соғломлаштириш ишларини ташкил қилишда энг яхши натижаларга эришган Жомбой тумани «Зарафшон» маҳалласида жойлашган 134-сонли таянч пункти 2-ўринни эгаллади ва профилактика инспектори лейтенант Алимқулов Жўрабек Эгамберди ўғли 8 миллион 920 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан ҳамда вилоят бўйича таянч пунктлари ўртасида энг замонавий деб топилган ва тўлиқ шарт-шароитлар яратилиб, аҳолига беқиёс хизмат кўрсатаётгани учун Қўшрабод туманидаги “Жўш-ота” маҳалласида жойлашган 525-сонли таянч пункти 1-ўринни эгаллади ва профилактика инспектори катта лейтенант Йўлдошев Соҳиб Орзиқулович 11 миллион 150 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирландилар.

 Вилоят ҳокими Э.Турдимов танлов ғолибига, республика босқичида ҳам юқори натижани қўлга киритишида омад тилади.

 Тадбир сўнгида ҳарбий оркестр, маданият ва санъат ходимларининг бадиий чиқишлари тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Text to speech