Вилоят Ички ишлар бошқармасида навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди
Аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда ички ишлар органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматовнинг навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, иш билан таъминлаш, оилавий низолар, алимент ундириш ва фирибгарликка оид бир қатор масалалар тингланди.
Ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Баъзи муаммолар ўша жойнинг ўзида ечимини топди. Қолган масалалар бўйича эса мутасадди бўлинма раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.
Бошқарма бошлиғи ушбу муаммоли масалаларнинг ҳал этилишини шахсан назоратга олишини таъкидлади.
Бундай қабуллар фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада ошириш, жамиятда қонунийлик ва адолат принципларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.