Вилоят Ички ишлар бошқармасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди
Соғлом юрт, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади. Миллат ифтихори бўлган ёшларимизнинг ҳар бир ютуғи ана шу буюк ишларнинг дебочаси саналади.
Бугун ҳар бир соҳа раҳбарлари ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорларини намоён этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашларида яқин кўмакчи бўлишаяпти. Қалби ғайрат-шижоатга тўла, қўзлари ёниб турган, ишлайман, шу юрт тараққиётига ўз ҳиссамни қўшаман деган фидойи ва ташаббускор ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз. Бизга ана шундай ёшлар керак. Чунки улардан умидимиз катта.
Вилоят ички ишлар бошқармасида бошқарма бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов иштирокида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида бу алоҳида таъкидланди.
Дастлаб, ёш ходимларнинг эришаётган ютуқлари, иқтидор ва салоҳиятлари ҳақида маълумот берилди. Дунё билан бўйлашаётганимиз, ўзлигимизни англаб, анъана, урф-одат ва қадриятларимизни оламга кўз-кўз этаётганимиз, барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар ёшлар билан чамбарчас боғлиқлиги эътироф этилди.
Учинчи Ренессанс бунёдкорларига доимо илм-фан сирларини ўрганишдан тўхтамаслик, китобга ошно бўлишлик лозимлиги борасида тавсиялар берилди. Учрашув доирасида фаол, ташаббускор ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналарига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, бир нафар ёш ходим раҳбарлик лавозимига тайинланди.