Вилоят ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматовнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам табриги
Дориломон кунларнинг қадри бебаҳо
Ватанга фидойилик, бурчга садоқат, юртни севиш. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида меҳнат қилган ҳар бир инсон номи тарих зарварақлари ва инсонлар қалбида мангу муҳрланади.
9 май-Хотира ва қадрлаш куни. Бу байрам ардоқ, эъзоз, эҳтиром намунаси. Қирғинбарот урушнинг оловли жанг майдонларида ватан, эл-юрт номуси учун жон олиб, жон берган аждодларимиз хотираси дилларда мангу яшайди. Хотира-аждодларга юксак қадр ва ҳурмат ифодаси. Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган, жангоҳларда ўз юртининг тинчлиги ва озодлиги, оиласи ҳамда фарзандларининг хотиржамлиги учун курашган инсонлар мудом халқимиз ардоғида.
Азиз, юртдошлар!
Сизларни иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан вилоят ички ишлар органлари номидан самимий қутлайман!
Шукрки, серқуёш Ўзбекистонимизнинг ҳар бир тонги нурафшон, осмонимиз мусаффо. Ҳаётимиз тинч, тунларимиз осуда, шаҳар-у қишлоқларимиз кундан-кунга ободликка юз тутмоқда. Дастурхонимиз тўкин, фарзандларимиз эртасидан кўнглимиз тўқ, уларнинг шўх кулгиси билан уйимиз файзга тўла. Кексаларимиз эъзозу-ҳурматда. Халқимиз ўз юмуши, бунёдкорлик ишлари билан банд, эртанги кун орзуси билан яшамоқда.
Ана шундай осойишта, дорилмомон кунларнинг қадрига етиш, Ватанни севиш, она-юртни асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Барчангизни бугунги улуғ айём билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Ҳар бир кунимиз серфайз ва осуда бўлсин. Хонадонингиздан қут-барака аримасин!
Раҳмат Маматов
Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник