8 Апрел 2024 йил 1307

Вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов ва ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Абдуғофур Аҳмедовлар профилактика инспекторлари билан учрашув ўтказди

Инсон учун тинчлик, осойишталикнинг қадри тенгсиз. Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш ҳуқуқ тартибот органлари ходимларининг бурч ва мажбуриятидир. ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Абдуғофур Аҳмедов ва вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов иштирокида ўтказилган йиғилишда бу алоҳида таъкидланди. 

Унда Самарқанд шаҳар, Пастдарғом ва Самарқанд туман профилактика инспекторлари ва соҳа масъуллари иштирок этди.  

Қайд этилдики, бугун жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳар қачонгиданда долзарб масала сифатида қаралмоқда. Айниқса бу борада вилоятнинг барча ҳудудларида керакли таъсир чоралари кўрилиб, турли кўринишдаги профилактик тадбирларни кенг тарғиб қилиш лозим.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда ходимлар фуқароларнинг соҳага нисбатан ишончсизлигини келтириб чиқармаслиги, уларнинг мурожаатларига масъулият билан қараши, ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришда профилактика инспекторлари маҳаллада куну тун хизмат фаолиятини кучайтиришлари борасида тавсиялар берилди.

Айниқса ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш энг долзарб масала эканлиги таъкидланди. Вояга етмаган ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, уларни тунги вақтларда қаровсиз қолдирмаслик, бу борада маҳалла мутасаддилари билан ҳамкорликда ишлаш зарурлиги келтирилди.

Алломаларимиз юрти тинчнинг ўзи тинч деб бежизга айтишмайди. Ватанимиз тинчлигини таъминлаш, одамларнинг хавфсиз, эмин-эркин, бахтли ҳаёт кечириши учун дахлдорлик ҳисси билан яшаш, ҳақиқий эл-юрт ҳимоячиси сифатида шарафли хизматга бел боғлаб, қасамёдига содиқ ҳолда халққа садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир ички ишлар органи ходимининг устувор шиори бўлиши зарур.

Йиғилиш доирасида галдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech