Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш тўртинчи сессиясида ҳисобот берди
Бугун вилоят ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг вилоят учинчи секторидаги ижроси юзасидан ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковик Раҳмат Маматов ҳисобот берди.
– Президент қарорига кўра, 2022 йил давомида вилоят учинчи сектори ҳудудида 53 та объектни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган, – деди Р.Маматов. – Ушбу объектларни қуриш учун 273 миллиард 627 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Объектларда ишнинг бориши ўрганилганда, қурилиш ишларида буюртмачининг техник назорати ҳамда лойиҳачининг муаллифлик назорати қониқарсиз аҳволда эканлиги, натижада объектларда қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланди. Масалан, Паст Дарғом туманида 23-умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлаш, Самарқанд туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш ишларида кўплаб камчиликлар аниқланди. Бу каби ҳолатлар Нуробод ва Ургут туманларидаги мактаблар қурилишида ҳам кузатилди.
Депутатлар қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилаётгани ва айрим қурилиш ташкилотларидаги эътиборсизлик, назоратсизлик ушбу ҳафтада вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида ҳам танқидий муҳокама этилганини таъкидлаб, мазкур ҳолатлар юзасидан қурилишга масъул ва назоратчи ташкилотлар раҳбарларидан изоҳ сўрадилар. Бу борада назоратни кучайтириш ва депутатлар ёрдамидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон тендер савдоларига ёлғон маълумотлар киритиб, ғолиб бўлган қурилиш ташкилотлари фаолиятини ўрганиш бўйича вазифалар белгиланди.