Халқчил ҳамда профессионал ички ишлар идоралари шундай тузилма бўлади
Президентимиз томонидан 20 январ куни “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарор имзоланди.
Аслида ҳужжат номининг ўзиёқ кўп нарсага ойдинлик киритади. Шундай бўлса-да, айрим жиҳатларни қайд қилиш мақсадга мувофиқ.
Янгиликлар кўп
Ҳужжат билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланди.
Кодекс ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун” тамойили асосида тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришишга қаратилган.Ундаги қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади.
Ҳужжат билан шунингдек, Ички ишлар органларида кадрлар салоҳияти даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар “йўл харитаси” тасдиқланди.
Бундан ташқари, ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, бошқа вазифалар қатори инсон омилини истисно этиш ҳамда коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини замон талабларига мос равишда тўлиқ рақамлаштириш Департамент фаолиятини устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Тартибларда ҳам ўзгариш бор
Вазирликнинг ички ишлар органларида хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимларга нисбатан тайинланадиган дастлабки синов муддатини бир йил этиб белгилаш таклифига розилик берилди.
Ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар дастлабки синов муддати даврида Кодекс қоида ва талабларини бузган ҳолатларда уларга бириктирилган мураббийлар, айбдорлик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилади.
Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини “Фуқаролар билан ишлаш модули” бўйича узлуксиз ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш орқали уларнинг соҳада самарали хизмат олиб боришдаги шахсий масъулияти оширилади.
Йил якунига қадар мансаб лавозимларини юқори маънавий-ахлоқий, ишчанлик ва касбий сифатларга эга бўлган номзодлар билан тўлдиришни назарда тутган ҳолда, ички ишлар органларида хизматга қабул қилишнинг сифат жиҳатидан янги, соддалаштирилган тартибини ўрнатиш ҳамда “Е-nomzod” электрон ахборот тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўрилади.
Жамоатчилик назорати бўлади
Қарорга кўра, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилади.
Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш;
- ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш;
- ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш.
Албатта, ўзгаришлар, янгилиликлар қисқа муддатларда амалиётга жорий этилиб, пировардида ички ишлар идораларини халққа энг яқин хизматлардан бирига айлантириши шубҳасиз.
Азизбек ОМОНОВ,
Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.