Самарқандда афв этилганлар билан учрашув бўлиб ўтди
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги ПФ-5933-сон Фармонига мувофиқ, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 2 нафарини аёллар ташкил қилди.
41 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 3 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди. 44 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Жумладан, Самарқанд вилояти бўйича жами 13 нафар фуқаро афв этилиб, шундан, 4 нафарининг жазо муддатлари қисқартирилган, 9 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган.
Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ш.Рахмонов, ҳамда бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи афв этилган 9 нафар фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан учрашув ўтказилиб, уларнинг муаммолари атрофлича ўрганилди ҳамда ушбу муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.